«Манчестер Сити» «Палмейрас»нинг 16 ёшли вингери Эдуарду Консейсауни сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
ESPN Brazil нашри берган маълумотларга кўра, инглиз клуби рақобатчиларини ортда қолдиришга ва бразилиялик футболчининг трансфери бўйича имкон қадар тезроқ келишувга эришишга умид қилмоқда. Трансфер суммаси тахминан 40 миллион еврони ташкил этиши мумкин.
Қайд этиш жоизки, Консейсау ҳали «Палмейрас»нинг асосий жамоаси сафида бирорта ҳам расмий учрашув ўтказишга улгурмаган.
2025 йилда «шаҳарликлар» «Палмейрас»дан ҳимоячи Витор Рейсни 37 миллион евро эвазига сотиб олишган эди. Ҳозирда ушбу футболчи ижара асосида «Жирона» шарафини ҳимоя қилмоқда.













