Кипрда ўтаётган Номзодлар турнири давомида ўзбекистонлик Жавоҳир Синдаров ва қозоғистонлик Бибисора Асаубаеванинг муносабатлари ижтимоий тармоқларда кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Айниқса, Бибисоранинг ижтимоий тармоқларга жойлаётган суратлари мухлислар орасида “улар шунчаки дўстми?” деган муҳокамаларга сабаб бўлди.
Синдаровнинг бувиси бу вазиятга муносабат билдирар экан, агар Жавоҳир Бибисорага уйланишни хоҳласа, оиласи бунга қарши эмаслигини айтди:
“Уларни болалигидан таниймиз, бирга шахмат ўйнаб юришган. Онасини ҳам танийман. Ҳозирча улар дўст, лекин эртага нима бўлишини билмаймиз. Агар Жавоҳир шу қизни яхши кўраман, уйланаман деса, биз рози бўламиз. Уларнинг қизиқишлари, дунёқараши бир хил”, дейди спортчининг бувиси.
Ҳозирда ҳар икки шахматчи Кипрдаги мусобақада қатнашмоқда. Жавоҳир Синдаров турнир якунига бир тур қолганда ғолибликни нақд қилди ва жаҳон чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бибисора Асаубаева эса ўз гуруҳида 7,5 очко билан иккинчи поғонани банд этган бўлиб, охирги турда ғолибликни учун ҳаракат қилади.
Спортчиларнинг ўзи ҳозирча муносабатлари ҳақида расмий маълумот бергани йўқ, бироқ ижтимоий тармоқлардаги суратлар ёш гроссмейстерлар бир-бирини яқиндан қўллаб-қувватлаётганини кўрсатмоқда.













