Юртимизни истеъдодли ёшларга бой мамлакат деб бежизга айтишмайди. Ана шундай ёшлардан бири шубҳасиз Жаҳонгир Абдусаломов саналади. Унинг келажаги порлоқ эканлигини кўрсатаётган ўйинларидан билиб олса бўлади. Ҳар бир ҳаракатида ҳужумчига хос совуққонлик ва тезкорлик мавжуд бўлган Жаҳонгир 2012 йилдан буён “Бунёдкор” футбол академияси аъзоси. Дастлабки футбол сабоғини “Андижон” футбол академиясида олган.
-Нега айнан “Бунёдкор” футбол академиясини танладингиз?
- Мен 11 ёшимдан “Андижон” футбол академиясида шуғуллана бошлаганман. Илк мураббийим Виктор Николаевич қўл остида футбол дунёсига кириб келганман. “Бунёдкор” футбол академиясини танлашимнинг асосий сабаблари сифатида академиянинг янги ташкил этилганлиги, бу ердаги мураббийларнинг юксак маҳорат соҳиблари эканликлари, шуғулланиш учун барча шароитларнинг аъло даражада ташкил этилганлигини кўрсатиб ўтишим мумкин.
-“Бунёдкор” ва “Андижон” футбол мактаблари ўртасида қандай фарқлар бор экан?
- “Андижон” футбол мактабида ҳам барча шароитлар яхши эди. Мураббийларимиз биз билан ишлашда ўзига хос усуллардан фойдаланарди. Бу академияда кўп нарсаларни ўргандим. “Бунёдкор”да эса ҳаммаси ундан-да яхшироқ. Бу машғулот жараёни дейсизми, мураббийларнинг ишлаш услуби ёхуд база нуқтаи назаридан олиб қарайсизми, “Бунёдкор”да барчаси юксак даражада. Академияда фаолият юритаётган ҳар бир киши биз билан жуда яхши муносабатда; хоҳ у мураббий бўлсин, хоҳ у ошпаз, хоҳ у тиббиёт ходими…
-Бу йил бўлиб ўтган шаҳар биринчилигига тўхталиб ўтсангиз...
- Бу йилги шаҳар биринчилигида 30 жамоа 2 гуруҳга бўлинган ҳолда куч синашишди. Жамоамиз “А” гуруҳидан жой олди ва барча – 14 та ўйинни ҳам ўз фойдамизга ҳал қилиб, иккинчи босқичга гуруҳда биринчи ўрин билан йўл олдик.
-Қайси жамоалар сизлар учун энг ноқулай рақиб саналади?
-Бу йилги биринчиликда “Локомотив” жамоаси бизга яхшигина қаршилик кўрсатишди. Бироқ асосий рақобатчи жамоалар сифатида мен “Пахтакор” ва “Спартак” жамоаларини кўрсатган бўлар эдим. Бу икки жамоа биринчиликда “Б” гуруҳидан жой олишганди. Улар ҳам кейинги босқичга чиқишди. Энди мусобақанинг иккинчи босқичида улар билан куч синашамиз.
-Бир мавсумда максимал нечта гол урасиз?
-Тошкент биринчилигида 14 та учрашувда 50 та (!) гол урдим. Бунда албатта жамоадошларимнинг хизматлари катта бўлди.
-Ҳужумчи биринчи ўринда қандай сифатларга эга бўлиши керак?
-Биламизки, бу позиция вакили уюштирилаётган ҳужумни якунловчи ўйинчи саналади. Бу эса ўз навбатида футболчидан тезкорлик, аниқлик ва озгина совуққонликни талаб этади. Ўйин жараёнида бу сифатларга алоҳида аҳамият беришга ҳаракат қиламан.
Санжар ИСМАТОВ суҳбатлашди.
БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ:
Исм-фамилияси: Жаҳонгир Абдусаломов
Туғилган йили: 1999 йил
Туғилган жойи: Андижон вилояти Хонобод шаҳри
Амплуаси: Ҳужумчи
Севимли жамоаси: “Барселона”
Ёқтирган футболчиси: Леонель Месси
Илк мураббийи: Виктор Николаевич Васильев