CA-NEWS - Теннис бўйича дунёнинг энг йирик тўртта мусобақасидан бири, “Улкан Тож” туркумига кирувчи АҚШ Очиқ чемпионатида ўзбекистонлик Денис Истомин бугун жуфтликда кортга чиқиши кутилмоқда.
Мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси Буюк Британия вакили Кен Скупски билан биргаликда чехияликлар Ярослав Левински ва Йери Веселиларга қарши кортга чиқади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 22.45 да старт олиши кутилмоқда. Эртага тунда эса Денис АҚШ Очиқ чемпионатининг яккалик разряди иккинчи даврасида германиялик Тобиас Камкёга қарши кортга чиқади. Эслатиб ўтамиз, биринчи даврада Истомин испаниялик мусобақанинг 15-ракеткаси Николас Альмагродан устун келган. Ушбу ғалаба эвазига ҳозирча ўзбекистонлик теннисчи ўз ҳисобидаги очколарини 45 тага ошириб, даромадини 37 000 долларга кўпайтириб олди. Нью-Йоркдаги “Билли Жин Кинг Нэшионал Теннис Сентер”да ўтаётган мусобақанинг эркаклар ўртасидаги турнири соврин жамғармаси $9.406.000 га тенг ва уни 128 теннисчи бўлиб олади. Чемпионга 1 миллион 900 минг, финалчига эса 950 минг АҚШ доллари насиб этади.