Парижнинг «ПСЖ» клуби раҳбарияти ва жамоа бош мураббийи Луис Энрике янги шартнома борасида келишувга яқин келишди. Журналист Бен Жейкобснинг хабар беришича, янги келишув тўрт йилга мўлжалланади.
Қайд этилишича, расмий шартнома мавсум якунланганидан сўнг имзоланиши мумкин. Айни дамда испаниялик мутахассис бор эътиборини жорий мавсумдаги вазифалар, хусусан, Франция чемпионати ва Чемпионлар лигасидаги муваффақиятли иштирокка қаратган.
55 ёшли Луис Энрике 2023 йилдан буён «ПСЖ»ни бошқариб келмоқда. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Унинг қўл остида парижликлар уч бор Франция Суперкубоги, икки мартадан мамлакат чемпионати ва кубогида зафар қучишди. Шунингдек, жамоа унинг бошқарувида бир мартадан Чемпионлар лигаси ва УЕФА Суперкубоги ғолибига айланди.
Маълумот учун, Энрике муқаддам «Рома», «Сельта» ва «Барселона» клубларида, шунингдек, Испания терма жамоасида фаолият юритган. У «Барселона» билан 2015 йилда требл қайд этиб, ЕЧЛда ғолиб чиққан эди.













