Франциянинг «Марсель» клуби жиддий молиявий муаммолар фонида футболчиларининг оммавий сотувини амалга ошириши мумкин, дея хабар бермоқда Sports.kz.
Footmercato маълумотига кўра, клуб раҳбарияти келаси мавсум еврокубокларда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлганидан кейин молиявий ҳолатни яхшилаш йўлларини шошилинч тарзда изламоқда. Хабар қилинишича, «Марсель» 30 июнга қадар катта миқдорда молиявий тушум олиши шарт.
Қайд этилишича, Франция футболининг молиявий назорат органи — DNCG клубнинг иқтисодий аҳволидан хавотирда ва унинг молиявий ҳисоботларини батафсил ўрганишни режалаштирмоқда. Клуб ичида ҳам эҳтимолий санкциялардан хавотир кучайган.
Манбага кўра, жамоанинг деярли барча футболчилари трансферга қўйилиши мумкин. Клубни тарк этиши эҳтимол қилинган ўйинчилар орасида Тимоти Веа, Наиф Агерд, Факундо Медина, Игор Пайшао, Мэйсон Гринвуд ва Леонардо Балерди номлари тилга олинмоқда.
Хабарда айтилишича, агар йирик трансфер сотувлари амалга ошмаса, клуб футбол ташкилотлари томонидан чекловлар каби жиддий оқибатларга дуч келиши мумкин.













