«Барселона» ва Испания терма жамоасининг 18 ёшли ҳужумчиси Ламин Ямаль Жаҳон чемпионати – 2026 стартига қадар тикланишга улгуради. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотларига кўра, Ямаль Перуга қарши бўлажак ўртоқлик учрашувида майдонга тушмайди, бироқ Испания терма жамоаси раҳбарияти у Кабо-Вердега қарши кечадиган Жаҳон чемпионатининг илк ўйинига тайёр бўлишини кутмоқда.
Перуга қарши назорат баҳси испанлар учун мундиалга тайёргарлик жараёнидаги сўнгги ўйин бўлади. Учрашув 9 июнь куни бўлиб ўтади.
ЖЧ-2026 гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган Испания – Кабо-Верде учрашуви эса 15 июнь куни ўтказилади. Қайд этиш лозимки, бу Ямаль учун фаолиятидаги дебют мундиал ҳисобланади.













