Шавкат Мирзиёев 18-июнь куни Тошкентда Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон футболчиларининг мундиалда Колумбияга қарши илк ўйинини ижобий баҳолади ва терма жамоанинг руҳини кўтарди.
“Ўзбекистон учун тарихий кун. Муросасиз, жуда қизғин кечган ўйинда футболчиларимиз жаҳон мундиалида биринчи марта жуда катта тажрибали жамоага қарши ўзининг кучли характерини кўрсатди. Осон эмас, биринчи марта 34 йил биз кутган воқеа бўлди. Шунинг учун кучли характери, жисмоний тайёргарлиги ва иродасини яққол намоён этди десак, бу ҳам тўғри. Биз учун чемпионатдаги биринчи голимиз — бу ҳам ғалаба”, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ватанпарвар ва фидоий ёшлар билан фахрланишини, улар ҳозирги Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонлари эканини таъкидлади.
“Ҳали олдимизда жуда кўп имкониятлар борлигини кўрдингиз. Фарзандларим, қаҳрамонларим кўп нарсага қодир эканини ҳам билдирди. Шунинг учун фақат омад тилаймиз биз. Олға, Ўзбекистон”, деди президент.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳам матбуот анжуманида ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди ва шогирдлари билан фахрланишини таъкидлади. Италиялик мутахассис Колумбия сингари юқори даражадаги жамоаларга қарши ўйнаш, айниқса, тўпсиз ҳаракат қилиш осон эмаслигини, шунга қарамай, йигитлар ўзларини яхши кўрсатишганини айтди.
Ўзбекистон Жаҳон чемпионатининг дебют учрашувида Колумбияга 1:3 ҳисобда мағлуб бўлди. SofaCsore порталига кўра, Аббосбек Файзуллаев “оқ бўрилар” сафида энг яхши футболчи деб топилди. У 60-дақиқада Ўзбекистоннинг ягона ва ҳисобни тенглаштирувчи голига муаллифлик қилди.













