Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи Роналд Куман Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг 2-туридан ўрин олган Швецияга қарши ўйин олдидан хотиржамликни сақлаб турибди. Турнирнинг илк учрашувида унинг шогирдлари Япония билан дуранг ўйнашган эди (2:2).
«Жамоадаги муҳит аъло даражада ва биз қўрқмасдан, дадил ўйнашда давом этамиз. Япония билан баҳсда устунлик биз томонда эди, ўйиннинг катта қисмида анча яхши ҳаракат қилдик», — деди мутахассис ўйин олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида.
«Япония жуда зич ҳимояланди ва майдоннинг сўнгги учдан бир қисмида бизга катта муаммолар туғдирди. Бундай вазиятларда доимо тўғри қарорлар қабул қилиш ва яхлит бир жамоа бўлиб ҳужумга ўтиш лозим».
Бош мураббий турнирни Тунис устидан қозонилган йирик ғалаба (5:1) билан бошлаган Швецияга қарши баҳсда ҳам худди шундай сценарий такрорланишини кутмоқда.
«Вазиятлар яратиш ва бўш ҳудудларни топиш қийин бўлади. Биз тўғри қарорлар қабул қилишимиз ва рақиб жарима майдончаси ичида футболчиларимиз сонини кўпайтиришимиз керак. Япония билан дурангдан сўнг, бизга фақат ва фақат уч очко зарур», — дея таъкидлади Куман.
Эслатиб ўтамиз, Нидерландия ва Швеция ўртасидаги учрашув 20 июнь куни Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.













