Миср миллий жамоаси бош мураббийи Ҳусом Ҳасан 2026-йилги Жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида Аргентинага қарши кечадиган учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида қатнашиб, Фаластин халқининг оғир аҳволи борасида таъсирли нутқ сўзлади.
Аввалги босқичда Австралия устидан қозонилган ғалабадан сўнг Фаластин байроғини кўтариб чиққан мураббий 7-июль, душанба кунги матбуот анжуманда ушбу мавзуда тўрт дақиқадан кўпроқ гапирди. Унинг сўзлари йиғилган кўплаб оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан қарсаклар билан кутиб олинди.
“Агар дунёда Фаластин халқига ҳамдард бўлмаган инсон топилса, у хоҳ араб, хоҳ европалик ёки америкалик бўлсин, у одам эмас. Дунёдаги ҳар қандай жойда, шу жумладан, Европа ёки Америкада кимдир бирор ҳайвонга озор етса, бутун дунё ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришади. Аммо битта ракета туфайли бир кунда икки ёки уч минг кишининг ўлишини эшитиш одатий ҳолга айланиб қолди. Диний эътиқоддан қатъи назар... мен араб ёки бошқа миллат вакили бўлишдан аввал инсонман. Футбол орқали айтмоқчи бўлган хабарим шу: ФИФА шиори ўзаро ҳурматга чақирганидек, одамларнинг яшаш ҳуқуқига ҳам ҳурмат бўлишига умид қиламан”, деди Ҳасан.
Шундан сўнгина мутахассис бўлажак тарихий ўйинга тўхталиб ўтди:
“Орзуларим ва мақсадларимнинг чегараси йўқ. Мухлислар ишончини оқлаш учун боримизни берамиз. Биз аутсайдер эмасмиз ва 7000 йиллик буюк тарихга эга цивилизация вакилларимиз”, дея хулоса қилди мураббий.
Маълумот ўрнида, 2023-йилнинг 7-октябрида бошланган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Ғазода шу кунгача 73 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Ушбу воқеалар фонида бутун дунё бўйлаб намойишлар ўтказилмоқда ва кўплаб спортчилар ҳам Фаластинни қўллаб-қувватламоқда. Ўз навбатида, ФИФА ҳам Жаҳон чемпионати ўйинларида Фаластин байроғини намойиш этишга расман рухсат берган.
Эслатиб ўтамиз, Аргентина ҳамда Миср миллий жамоалари ўртасидаги нимчорак финал учрашуви бугун, 7-июль куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.













