"Спорт-Экспресс" газетасининг баҳоларига кўра, "Локомотив" ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов август ойида Россия Премьер-лигасининг энг яхши футболчиси деб топилди.
Афсуски, Виталий Денисовнинг терма жамоага навбатдаги сафари муваффақиятсизлик билан тугади. Ўзбекистон пенальтилар сериясига кўра Иорданияга ютқазиб қўйиб, ЖЧга чиқиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлди. "СЭ"нинг у билан суҳбати ушбу мавзудан бошланди.
— Терма жамоанинг омадсизлигини қандай қабул қилдингиз?
— Тўғрисини айтсам, ҳалигача ўзимга келолганим йўқ. Пенальтилар сериясида мағлуб бўлиш икки карра аламли. Лекин ўзимиз айбдормиз. Биз фаворит эдик. Лекин масалани пенальтилар сериясигача судрадик. Бу эса лоторея.
— Қўшимча бўлимларда нима содир бўлди?
— Стадионнинг чироқлари кутилмаганда ўчиб қолди. Айтишларича, электр тармоғида кучланиш ошиб кетиб, кабель куйиб кетибди. 15 дақиқа давомида муаммо ҳал қилишгунича захира ўриндиғи ёнида турдик. Мураббийнинг кўрсатмасини тингладик.
— Нима учун дастлабки 5 нафар пенальтичи орасига кирмадингиз?
— Мен пенальтичи эмасман. Аввал бир марта — "Днепр" таркибида Украина кубогида "Александрия"га қарши пенальти тепгандим. Муваффақиятсиз чиққанди. Ўшандан бери пенальти тепишдан ўзимни тортардим. Бу сафар ҳам 11 метрли зарбани тепишга интилмадим. Еттинчи бўлим тепишга тўғри келдим.
— Хато қилмадингиз.
— Бутун вужудимни зарбага бағишладим. Тўғри, тўпга ишончсизлик билан яқинлашдим, гол уришимга шубҳа қилгандим.
— Ўйиндан кейин кийиниш хонасида кўз ёшлар бўлдими?
— Мен атрофга қарамадим. Узоқ вақт душ тагида турдим. Тинчланишга уриндим.
— Миржалол Қосимовнинг истеъфоси ҳақида қачон эшитдингиз?
— Эртаси куни бу ҳақда дўстим айтди. Ўзбекистон терма жамоасининг янги мураббийи ким бўлади, буни билмайман.
— Сиз терма жамоа билан бир қатор мамлакатларга боргансиз. Энг ёдда қолгани қайси бири бўлган?
— Шимолий Корея. Ота-онам Совет Иттифоқи даврида қандай яшашгани билишни ҳамиша орзу қилардим. Пхеньянга борганимда дарҳол ҳаммасини ҳис қилдим. Айрим нарсалар кайфиятни кўтарди.
— Масалан?
— Стадионда барча бир хил кийинганди: эркаклар кулранг кастюм, болалар эса мактаб формасида. Ўзига хос тарзда мухлислик қилишади. Агар тўп кореяликларда бўлса, бақиришади, олқишлашади. Тўп билан биз муомалада бўлсак эса, шундай сукунат юзага келадики, шамолнинг таъсирида дарвоза тўрининг силкиниши эшиталади.
— Шаҳар бўйлаб айланишга улгурдингизми?
— Қанақа айланиш, нималар деяпсиз? Рухсатсиз меҳмонхонани тарк этиш тақиқланганди. Шунингдек, ўзимиз ҳам сайр қилишни унчалик истамадик. Аэровокзал биносидан чиққанимда шок ҳолатига тушдим.
— Нима учун?
— Фақатгина 2та кўча чироғи ёниб турарди. Биттаси магазин ёнида, иккинчиси терма жамоани кутиб олган автобус тепасида. Бўлди. Ҳаммаёқ зимистон эди. Дарвоқе, аэропортда ноутбук, мобиль телефон ва айпадларни олиб қолишди. Ҳаттоки ўзимиз билан плеерни ҳам олиб киришга рухсат йўқ эди. Худога шукр, меҳмонхонадан Тошкентга телефон қила олдим. Акамга ташқи дунёдан узилиб қолганимизни, хавотир олмасликларини айтдим.
— Москвадаги ҳаётингиздан кейин Ватанингизда қайси ҳолатга кўникишингиз қийин?
— Таксистларнинг ҳайдашига. Тез ва қўпол ҳайдашади. Тошкентда одатда "Матиз" машинасидан такси сифатида фойдаланишади. Агар кимдир такси тўхтатса, таксист орқа ойнасига қарамасдан, бурилиш чироғини ёқмасдан учинчи қатордан дарҳол мижоз ёнига келиши мумкин. Шунчаки даҳшат! Уйда машина ҳайдашга таваккал қилмайман. Ё дўстларимнинг машинасида, ёки яёв юраман.
— Отангиз — "Алания" ва "Пахтакор" клубининг собиқ ҳимоячиси Геннадий Денисов ҳамон "Олмалиқ"да ишлаяптими?
— Ҳа, Игорь Шквиринга ёрдам бермоқда.
— 14 ёшингизда Тошкентдан Москванинг "Академика"сига кўчиб ўтганингизда кундалик юрита бошлагансиз. У ҳозир қаерда?
— Ота-онамнинг уйида. Анчадан бери уни қўлга олмадим. "Академика" билан Европа бўйлаб сафар қилганмиз, кўп мусобақаларда иштирок этганмиз. "Аякс", ПСВ, "Андерлехт, Бразилия ўсмирлар терма жамоаси билан ўйнагандик. Сафар таассуротлар ва ўйин тафсилотлари ҳақида кундаликка ёзгандим. Ҳеч ким мажбур қилмаган, ўзим учун қизиқ эди.
— Нима учун бу ишни тўхтатгансиз?
— ЦСКАга таклиф қилишганидан кейин бўш вақтим камайиб кетди. Лекин бу асосий сабаб эмас.
— Асосий сабаб нима?
— Интернет пайдо бўлди!
— ЦСКАда муҳим ўрнашиб қолиш учун нима етишмаган?
— Мен ҳарбийлар сафига келганимда ҳали ёш бола эдим. Боз устига, панжа суягимни синдириб қўйиб, деярли бир йил ўйнамаганман. Гипсни нотўғри қўйишгани учун болдиримдаги нерв жароҳатланган. Онам туфайли руҳан тушкунликка тушиб қолмаганман. У Тошкент билан Москва ўртасида серқатнов бўлган. Бунинг учун урнга раҳмат.
— Клуб сизга уй ажратганмиди?
— Ҳа. Лекин 17 ёшли йигит учун бегона шаҳарда яшаш осон эмас. Баъзан маъюс тортардим, баъзан ўзимни ёлғиз ҳис қилардим. Бундай пайтда онам ёрдамга келарди. Шунингдек, Газзаевдан ҳам миннатдорман. ЦСКАда ўйнамаган бўлсам ҳам, асосий таркиб билан шуғулланганман, ўрганганман, тажриба тўплаганман. Кейин эса ижарага кетганман.
— Бошида қандай вариантлар бор эди.
— "Алания" ва Нижегороднинг "Спартак"дан бирини танлашим керак эди. ЦСКАнинг спорт директори Сальковнинг сўзлари ёдимда қолган: "Нижний — яхши шаҳар. Москвадан узоқ эмас. Сени кузатиб борамиз. Жамоанинг ўзи ҳам ёмон эмас...".
— Юрий Первак томонидан молиялаштириб борилган "Спартак" орадан бир йил ўтиб тарқатиб юборилди.
— Мавсум давомида пул билан боғлиқ муаммолар бўлиб турганди. Жамоанинг аҳил экани фойда берган. Қандайдир уовқ беришса ҳам, барчамиз бўлиб ердик. Первак қарзларни тўлаб беришга ваъда бергандик. Аммо кейинчалик кетиб қолди ва клубни банкрот деб эълон қилишди.
— Сиздан қанча қарзи қолганди?
— Ярим йиллик маош.
— Нижегороднинг "Спартак" клуби мураббийларидан бири Андрей Мананниковнинг интервьюсини ўқиганмисиз?
— Йўқ.
— Иқтибос келтираман: "Первак кийиниш хонасига кириб, бирорта футболчининг кўкрагига уришни яхши кўрарди. Унинг фикрича, бундай ҳаракат билан у жамоанинг жанговарлигини оширади, уларни ўйинга тайёрлайди. Вартан Мазалов унга жавоб қайтармоқчи бўлганди, аммо буни амалга оширмаганди...".
— Первак итариши мумккин эди, аммо урмасди. Шунингдек, у ҳеч кимни камситмасди. Вартан эса ёшларни хафа қилдириб қўймасди. Характерга ва ўз фикрига эга йигит. Нимадир ёқмаса, жим қараб тура олмасди. Мураббийимиз ҳам яхши эди.
— Геннадий Гридин?
— Ҳа. У ўйинчиларни бошқаришни биларди. "Бугун уларни ёриб ташлаш керак!" деб айтарди. Натижада оёқларинг майдонда ўзидан-ўзи югуришни бошларди. Лекин бир марта у билан келишмовчилик юзага келганди.
— Нимадан келиб чиққанди?
— Ўйиндан кейин Гридин бақирган ўртоғимнинг ўрнига гапиргандим. Гридн менга қаради ва у ҳам жавоб қайтарди. Қўполлашмадик, шунчаки юқори товушда гапиргандим. Кейинчалик мен узр сўрадим ва барчаси ўтиб кетди. Лекин 3-4та тур давомида захирада ўтиришга тўғри келганди.
— "Днепр"ни кўп футболчилар жанжал орқали тарк этишди. Сиз-чи?
— Йўқ. Шартномам тугади ва янги шартнома борасида келиша олмадик. Эркин агент сифатида "Локомотив"га ўтдим. Клуб бош директорининг мен ҳақимда айтган гаплари ғуруримга тегди, аммо мавзуни чуқурлаштиришни истамадим. Бошқа нарсани айтмоқчиман. "Днепр" айрим футболчиларга нисбатан қилган муносабатдек инсонларга муносабатда бўлиш керакмас. Клубда 13 йил ўйнаган Сергей Назаренкога ачинганман. Шундай футболчини қўйиб юбориб, клуб катта хатога йўл қўйди! Олег Шелаев қандай тарк этганини биласизми?
— Қандай?
— Унга массажчи ёки ходимларидан бири қўнғироқ килган: "Сен энди жамоа аъзоси эмассан. Базадаги хонани бўшатиб қўй" деган. Ахир у ҳам клубда 9 йил ўйнаганди!
— Ҳаддидан ошган Алсидес "Днепр"даги асосий рақобатчингиз эдими?
— Йўқ, у қарама-қарши қанотдан ўйнарди. Боз устига, Алсидесдан кучлироқ ўнг қанот ҳимоячисини мен бошқа кўрмаганман!
— Ростданми?
— Бўйи баланд, юқори тезлик, дриблинг, тўпни қабул қилиш. Бирга бир ҳолатда уни алдаб ўтиш ниҳоятда оғир эди. Аҳмоқлик қилмаганида юлдуз даражасига чиқарди. Доимо режимни бузарди, ҳеч кимга қулоқ солмасди.
— "Локомотив", "Днепр" ва Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаганингизда қарши ўйнаш қийин бўлган 3 нафар ҳужумчини айтсангиз.
— Россия чемпионатида, менимча, Халк. Укрианда — Виллиан. Осиёда эса бундай савиядаги футболчилар йўқ. Қайсидир футболчига қарши ўйнаш қийин бўлганини эслолмайман. Қатар терма жамоаси ҳужумчиси Себастьян Сория ажралиб туради.
— Ушбу мамлакат учун ғалати фамилия экан.
— У аслида уругвайлик. Лекин у Қатар терма жамоасида ўйнамоқда.
— Днепропетровскда уйингиз қолдими?
— Йўқ, Кристина билан ижарага олинган уйда яшардик.
— Кристина — аёлингизми?
— Ҳа. У Оренбургдан. Москвага кўчиб келганига анча бўлган. Биз умумий дўстларимиз орқали Нижний Новгородда танишганмиз.
— Футболчиликни тугатганингиздан кейин қайси шаҳарда яшамоқчисиз?
— Тошкентда эмас. Балки Москвада яшарман. Бу шаҳарда уйимиз бор. Балки, тақдир бошқа жойга улоқтирар.