Кириш Регистрация
23/07 20:00 Сурхон 1-2 Динамо
23/07 20:00 Навбаҳор 1-1 Қизилқум

Анвар Ғофуров: «Динамо» учрашувга пухта тайёргарлик кўрган экан»

Баҳо:
+ | -

"Сурхон" бош мураббийи Анвар Ғофуров Суперлиганинг 13-туридан ўрин олган "Динамо"га қарши учрашувдан кейин матбуот анжуманида иштирок этди.

— Бугунги учрашув ҳақида фикрингиз?

— Ассалому алайкум. Бугун кучли рақибга қарши майдонга тушдик. Ўйин мазмун жиҳатидан ҳам, курашларга бойлиги билан ҳам қизиқарли кечди. «Динамо» учрашувга пухта тайёргарлик кўрган экан. Шунга қарамай, футболчиларимиз ҳам майдонда бор куч ва имкониятларини ишга солишди. Афсуски, айрим вазиятларда омад биз томонда бўлмади. Жамоамга миннатдорлик билдираман, улар охиригача кураш олиб боришди. Футболда яратилган имкониятлардан унумли фойдалана олмасангиз, рақиб бундан фойдаланади ва натижа шунга яраша бўлади. Келгуси учрашувларда вазиятлардан самарали фойдаланиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

— Таркибдаги йўқотишларга қарамай, жамоа мавсумнинг иккинчи қисмини яхши бошлаб, Андижондан ғалаба билан қайтди. Ўтган ўйин билан таққослаганда, бугун жамоага нима етишмади, деб ўйлайсиз?

— Балки «Андижон» биздан бундай ўйинни кутмагандир. Бугунги рақибимизга тажрибали мутахассис Вадим Карленович мураббийлик қилмоқда. Уни ҳурмат қиламан. «Динамо» бизга қарши жуда яхши тайёргарлик кўрган экан. Шунга қарамай, қийин кечган ўйинда ҳам бир қатор хавфли вазиятлар яратдик. Афсуски, улардан унумли фойдалана олмадик. Бу ҳам футболнинг бир қисми.

— Бугун икки яхши жамоа майдонга тушди. Бундай учрашувларда индивидуал маҳорати юқори футболчилар ҳал қилувчи рол ўйнайди. «Динамо» сафида бу вазифани Хожимирзаев бажарди. «Сурхон»да эса Чинедунинг ўрнини босадиган футболчи ҳали топилмагани сезилди. Бу фикрга қандай қарайсиз?

— Бу фикрда жон бор. Албатта, жамоамизни яхши ҳужумчи тарк этди. Лекин футбол давом этади ва биз бу вазиятдан чиқиш йўлини топишимиз керак. Балки ёш футболчиларимиздан бири ўзини кўрсатар, балки таркибни янги ҳужумчи билан кучайтирамиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу муаммони ҳал қилиш устида ишлаймиз.

— Жамоа кетма-кет иккинчи мавсум уй учрашувларини Термизда ўтказа олмаяпти. Энди қайси стадионда ўйнайсизлар?

— «Уйда ҳатто деворлар ҳам ёрдам беради», деган гап бежиз айтилмаган. Бугунги учрашувда ҳам бунинг гувоҳи бўлдик. Номинал мезбон бўлганимизга қарамай, стадиондаги мухлисларнинг асосий қисми «Динамо»ни қўллаб-қувватлади ва бу ўйинга ўз таъсирини кўрсатди. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши футболчиларга қўшимча руҳий куч бағишлайди.

Биз ҳам имкони борича тезроқ Термизга қайтиб, ўз мухлисларимиз қаршисида ўйнашни истаймиз. Аммо об-ҳавонинг кескин иссиқ бўлиши майдон майсасига салбий таъсир кўрсатди. Юқори ҳарорат сабаб майдонга сепилган уруғлар куйиб кетган. Шу боис ҳозирча уй учрашувларини Термизда ўтказишнинг имкони йўқ. Вазиятни имкон қадар тезроқ бартараф этиб, мухлисларимиз бағрига қайтиш учун барча зарур чораларни кўряпмиз.

Манба: https://t.me/FCSURXON_OFFICIAL
Киритилди: 05:32, 24.07.2026.
Ўқилди: 427 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик