Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) 2025 йилги клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига чиқа олмаган жамоаларга ажратилган 250 миллион доллар миқдоридаги бирдамлик тўловларини ўтказиб бермади. Бу ҳақда Daily Express нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, ушбу маблағлар турнир иштирокчилари ва қолган клублар ўртасидаги молиявий тафовутни камайтириш мақсадида мусобақа даромадларини бутун футбол тизими бўйлаб тақсимлаш учун мўлжалланган эди. Дастлаб ҳар бир олий дивизион клуби 50 минг фунт стерлинг (67,5 минг доллар) олиши режалаштирилган эди.
2025 йилги турнир АҚШда 14 июндан 13 июлга қадар 32 та жамоа иштирокида бўлиб ўтган эди. Финалда «Пари Сен-Жермен»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган «Челси» мусобақа ғолибига айланган.













