«Интер Майами» Лигалар кубоги доирасида «Леон»га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашув АҚШдаги «Ну» стадионида бўлиб ўтди.
Америка жамоаси ҳужумчиси Даниэль Пинтер 42-дақиқада ҳисобни очди. Иккинчи бўлим бошида меҳмонлар Даниэль Арсила голи эвазига мувозанатни тиклади. Орадан кўп ўтмай «Интер Майами» яна олдинга чиқди — Янник Брайт гол урди.
60-дақиқада Хуан Пабло Домингес «Леон»нинг иккинчи жавоб голини киритиб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди. Учрашув якунига яқин Арсила ўзининг иккинчи голини уриб, Мексика клубига ғалаба келтирди.
«Интер Майами»нинг аргентиналик ҳужумчиси Лионель Месси иккинчи бўлим бошида захирадан майдонга тушди. У Даниэль Пинтернинг ўрнини эгаллади.
«Леон» учта ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, турнир жадвалида етакчилик қилмоқда. «Интер Майами» эса уч учрашувда 3 очко тўплаб, MLS дивизионида 15-ўринни эгаллаб турибди.
Лигалар кубоги
«Интер Майами» (MLS) — «Леон» (Лига MX) — 2:3 (1:0)
Голлар: Пинтер, 42 — 1:0. Арсила, 50 — 1:1. Брайт, 54 — 2:1. Домингес, 60 — 2:2. Арсила, 85 — 2:3.













