«ПСЖ» «Аякс»нинг 21 ёшли вингери Мика Годтс учун таклифини оширди. Бу ҳақда De Telegraaf хабар берди.
Манбага кўра, Париж клуби энди футболчи учун бонусларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 50 млн евродан ортиқ маблағ тўлашга тайёр. Бонусларни олиш шартлари эса амалга оширилиши осон бўлган бандлардан иборат.
«ПСЖ» вакиллари янги таклиф ҳақида «Аякс» раҳбариятига телефон орқали маълум қилган, аммо ҳозирча расмий таклиф юборилмаган.
Аввалроқ «Аякс» спорт директори Йорди Кройфф парижликларнинг 45 млн евролик таклифини рад этган эди. Унинг 40 млн евроси кафолатланган маблағ, яна 5 млн евроси эса бонуслар кўринишида таклиф қилинган. Амстердам клуби футболчи трансферидан 60 млн евро олишни режалаштирган.
Қайд этилишича, ҳозир ҳар икки томон бонусларни қўшиб ҳисоблаганда 55–58 млн евро атрофидаги суммага келишувга эришишни реал вариант деб ҳисобламоқда.
Годтснинг ўзи эса «ПСЖ» билан шахсий шартнома борасида келишиб бўлган. Томонлар 2031 ёки 2032 йил ёзига қадар амал қиладиган шартнома имзолашни режалаштирмоқда.













