"Барселона" бош мураббийи Ханси Флик жамоа таркибига нафақат юқори савиядаги, балки катта ўйинлар тажрибасига ва етакчилик хусусиятларига эга футболчиларни жалб қилишни сўраган.
SPORT журналисти Серги Капдевила маълумотига кўра, Роберт Левандовски ва Рональд Араухонинг кетиши жамоа ичида тажриба ва лидерлик борасида маълум бўшлиқ қолдирган. Флик янги мавсумда, айниқса Чемпионлар Лигасининг ҳал қилувчи босқичларида бу омил катта аҳамият касб этишини ҳисобга олмоқда. Араухо "Ливерпуль"га ижарага берилган, Левандовски эса "Барселона"даги фаолиятини якунлаган.
Айнан шу жиҳат Родри Эрнандес трансферига Фликнинг дарҳол розилик беришига асосий сабаблардан бири бўлган. Немис мутахассиси 30 ёшли ярим ҳимоячининг ўйин сифатларини жуда юқори баҳолайди, аммо унинг халқаро тажрибаси ва кийиниш хонасидаги етакчилик қобилиятини ҳам алоҳида қадрлайди.
Родри 2024 йилда "Олтин тўп"ни қўлга киритган ва Испания миллий жамоасини 2026 йилги жаҳон чемпионлигига сардор сифатида етаклаган. "Барселона"да унинг келиши ёш футболчилар кўп бўлган таркибга тажриба ва совуққонлик олиб кириши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.
Капдевилага кўра, Флик Родри трансфери масаласида ташаббусни шахсан ўз қўлига олган. Мураббий футболчига қўнғироқ қилиб, "Барселона"нинг спорт лойиҳаси, унинг жамоадаги роли ва режалар ҳақида бевосита тушунтириш берган. SPORT'га таяниб тарқалган аввалги хабарларда ҳам айнан Фликнинг шахсий қўнғироғи Родрининг каталонияликлар вариантига жиддий қарашида муҳим омил бўлгани айтилган.
Айни пайтда трансфернинг молиявий қисми ҳал қилинмаган. "Манчестер Сити" "Барселона"нинг дастлабки 45 млн евролик таклифидан кейин 60 млн евро атрофидаги иккинчи таклифини ҳам рад этган. Манчестерликлар футболчи учун тахминан 60-65 млн фунт талаб қилмоқда. Родри эса фаолиятини "Барселона"да давом эттиришга мойил экани хабар қилинмоқда.
"Барселона"да сардорлар ҳам алмашади
Жамоадаги авлодлар алмашинуви сардорлик иерархиясига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Френки де Йонг жароҳати сабаб бир неча ой майдонга туша олмаслиги кутилмоқда. Шу боис янги мавсумда Рафинья асосий сардор, Педри эса иккинчи сардор вазифасини бажариши кутилмоқда. Гави ва Эрик Гарсия ҳам сардорлар гуруҳига кириш учун асосий номзодлардан.
Рафинья Фликнинг кийиниш хонасидаги энг ишончли футболчиларидан бири сифатида қаралади. Педридан эса мураббий сўнгги мавсумларда нафақат майдонда, балки жамоа ичида ҳам каттароқ масъулиятни ўз зиммасига олишни сўраган. Эрик Гарсия ёшлар жамоаларида ҳам сардор бўлган, Гави эса асосий таркибда беш йиллик тажриба тўплаган.
Таркибда тажрибали футболчилар сони камайгани ҳам Фликни ўйлантираётган омиллардан. Войцех Шченсни жамоанинг энг катта ёшли ва харизматик футболчиларидан бири бўлса-да, "Барселона" Родри каби энг масъулиятли вазиятларда майдонда етакчилик қила оладиган футболчига эҳтиёж сезмоқда. Жоау Канселунинг катта футболдаги тажрибаси ҳам бу борада муҳим деб баҳоланади.
Шу тариқа, "Барселона" учун Родри трансфери фақат таянч ярим ҳимоя позициясини кучайтириш эмас, балки жамоадаги лидерлик мувозанатини тиклашга қаратилган стратегик қадам сифатида ҳам кўрилмоқда. Флик уни Чемпионлар Лигаси ва мавсумнинг ҳал қилувчи палласида ўйин тақдирини ўзгартира оладиган футболчилардан бири деб ҳисобламоқда.













