"Арсенал" ҳимоячиси Габриэл Магаляйнс ўтган мавсум Чемпионлар лигаси финалида "ПСЖ"дан учралган оғриқли мағлубият ҳақида фикр билдирди. Бразилиялик футболчининг айтишича, Будапештдаги омадсизлик янги мавсум олдидан у учун қўшимча мотивацияга айланган.
"Мен учун Чемпионлар лигаси финалидаги мағлубият — мотивация. Биз барча совринларни ютишни хоҳлаймиз. Яна майдонга қайтиб, имкон қадар кўпроқ титул қўлга киритишга тайёрман", деди Габриэл TNT Sports'га берган интервьюсида. У жамоадошларининг ғалабага бўлган иштиёқи ҳам унга қўшимча куч беришини таъкидлади.
2026 йилги Чемпионлар лигаси финалида "Арсенал" ва "ПСЖ" асосий ҳамда қўшимча вақтдан кейин 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган. Парижликлар пенальтилар сериясида 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган, ҳал қилувчи зарбани амалга оширган Габриэл эса тўпни дарвоза устидан тепиб юборганди.
Шунга қарамай, "Арсенал" учун 2025/26 йилги мавсум катта муваффақият билан ўтди — Микел Артета жамоаси 22 йиллик танаффусдан кейин Англия Премьер-лигаси чемпиони бўлди ва Чемпионлар лигаси финалигача етиб борди. Габриэлнинг айтишича, янги мавсумда лондонликлар бешта соврин учун курашишни мақсад қилган.
"Арсенал" янги мавсумдаги илк соврин учун Англия Суперкубогида "Манчестер Сити"га қарши майдонга тушади. Габриэл бу учрашувни икки кучли жамоа ўртасидаги жиддий баҳс деб атаб, "канонирлар" ғалаба учун курашишини қайд этди.













