«Реал Мадрид» бош мураббийи Жозе Моуриньо «Шальке 04»га қарши ўйиндаги 3:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг мавсумлараро тайёргарлик якунларини сарҳисоб қилди.
Мадридликлар мавсум олди тайёргарликни мағлубиятсиз якунлашди: жамоа «Ференцварош», «Депортиво» ва «Шальке» устидан ғалаба қозонди, шунингдек, «Фиорентина» билан дуранг ўйнади.
«Бизда жуда юқори маҳоратга эга футболчилар бор. Жамоа сифатида тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам жуда яхши ишлаяпмиз. Бу расмий ўйинлар бошланиши олдидан ажойиб синов ва сўнгги муҳим машғулот бўлди. Жамоада бир-бирини тушуниш ва жамоавий меҳнат бор. Жамоа тобора ҳақиқий жамоага ўхшаб бормоқда», — дейди мураббий Marca нашрига.
«Реал» навбатдаги ўйинини 22 август куни Испания чемпионатининг 1-тури доирасида «Эспаньол»га қарши ўтказади.













