Франция терма жамоасининг янги бош мураббийи Зинедин Зидан миллий жамоанинг илк таркибини 17 сентябрь куни эълон қилади. Бу ҳақда RMC Sport хабар берди.
"Кўклар"нинг янги устози Миллатлар лигасида Туркия ва Бельгияга қарши ўйинларга чақириладиган футболчилар рўйхатини маълум қилади. Таркиб Зидан давридаги илк йиғин бошланишидан бир неча кун олдин эълон қилиниши кутилмоқда. Мазкур йиғин 21 сентябрь куни старт олади.
Зидан бошчилигидаги Франция терма жамоасининг илк уй учрашуви октябрь ойи бошида "Стад де Франс" стадионида ўтказилади. Бу баҳсда французлар Италия терма жамоасини қабул қилади.
Айни пайтда Зидан ва Франция футбол федерацияси унинг тайинлови билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳам якунига етказмоқда.
Франция терма жамоасининг Миллатлар лигасидаги тақвими:
- 25 сентябрь: Туркия — Франция
- 28 сентябрь: Бельгия — Франция
- 2 октябрь: Франция — Италия
- 5 октябрь: Франция — Бельгия
- 12 ноябрь: Италия — Франция
- 15 ноябрь: Франция — Туркия













