«Локомотив» профессионал футбол клуби янги машғулот майдонига эга бўлди.
2025 йил 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда «Локомотив» ПФК ўртасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзоланган эди.
Мазкур келишув асосида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 2-сон спорт мактаби ҳудудидаги табиий ва сунъий қопламали футбол майдонлари бир йилдан ортиқ вақт давомида тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Бугун, 25 август куни янги майдонларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Спорт вазирлиги ва туман ҳокимлиги вакиллари, футбол мутасаддилари ҳамда «Локомотив» клуби раҳбарияти иштирок этди. Маросим доирасида анъанавий лента қирқиш тадбири ўтказилди.
Шунингдек, «Локомотив» футбол мактаби тарбияланувчилари ҳамда 2-сон спорт мактаби ёш спортчилари кўргазмали чиқишлари билан тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
Қайд этилишича, ҳар икки футбол майдони «Локомотив» ПФК бош ҳомийси — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг молиявий кўмаги асосида тўлиқ таъмирланган.
Таъмирлаш ишларидан сўнг катта ўлчамдаги футбол майдони «Локомотив» клуби ихтиёрига, кичик майдон эса 2-сон спорт мактабига топширилди.

















