УЕФА футбол бўйича жаҳон чемпионатини бойкот қилиш режасидан воз кечмоқда.
Июль ойида ФИФА жаҳон чемпионати ҳуқуқларини хусусий инвесторларга сотиш учун FIFA Forward Enterprise (FFE) номли янги тижорий тузилма яратишни режалаштираётгани маълум бўлган эди. Шундан сўнг Европа футбол ассоциациялари иттифоқи аъзолари навбатдан ташқари йиғилишда, агар вазият ўзгармаса, ФИФА мусобақаларида иштирок этмасликка қарор қилган.
Август бошида УЕФА ўз позициясини сақлаб қолаётганини тасдиқлаган эди. Бу пайтга келиб ФИФА кучли танқидлардан сўнг мазкур ғояни амалга оширишдан воз кечган бўлса ҳам, бойкот таҳдиди ҳали бекор қилинмаганди.
Энди эса Reuters маълумотига кўра, УЕФА расмийлари пайшанба куни Монакода бўлиб ўтадиган учрашувда бойкотни бекор қилиш учун зарур шартлар бажарилганини маълум қилиши кутилмоқда.
Музокаралардан хабардор манбаларнинг билдиришича, Европа футбол ташкилоти жаҳон чемпионати ва бошқа йирик мусобақалардаги улушларни сотиш режаси қайта тикланмаслиги бўйича кафолат олганидан сўнг бойкот таҳдидини олиб ташлашга тайёр.
"Бу УЕФАнинг мағлубияти эмас. Аксинча, бу ёш футболчиларни ҳаётда бир марта бериладиган имкониятдан маҳрум қилмасликка хизмат қиладиган реал қарор. Ўзгаришлар талаб қилиш ва бу йўналишдаги ҳаракатлар давом этади", — деди Reuters манбаси.













