Бильбаонинг «Атлетик» клубида тўп тепаётган 32 ёшли ҳужумчи Иньяки Уильямс Гана миллий терма жамоасидаги фаолиятини якунлаганини маълум қилди.
«Мен бахтли, фахрли ва хотиржам ҳолда кетяпман. Ҳар сафар бу футболкани кийганимда бор кучимни берганимни биламан. Гана менга футболдан кўра анча кўпроқ нарса берди. Бу менга ўз юртимга қайтиш, илдизларимни янада яқинроқ ҳис қилиш, мамлакатим шарафини ҳимоя қилиш ва кўксимда бу байроқни кўтариб юришдан улкан фахр туйиш имконини берди.
Бу саёҳатнинг бир қисми бўлган барча инсонларга ва менга доимо кўрсатган меҳрингиз учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман», — деб ёзди Уильямс ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
2022 йил июль ойида ҳужумчи Испания терма жамоасида ўйнаш имкониятидан воз кечиб, Гана терма жамоаси шарафини ҳимоя қилишга қарор қилган эди. Аввалроқ Иньяки Испания миллий терма жамоаси таркибида бир марта майдонга тушган, бироқ кейинчалик спорт фуқаролигини ўзгартирган.
Унинг укаси Нико Уильямс эса Испания терма жамоасини танлаган. У Испания билан 2024 ва 2026 йилларда Европа ва жаҳон чемпионатларида ғолиб чиққан. Ака-уканинг ота-онаси Гана келиб чиқишига эга.
Иньяки Уильямс Гана терма жамоаси сафида 28 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урган. У 2022 ва 2026 йилги жаҳон чемпионатлари, шунингдек, 2024 йилги Африка миллатлар кубогининг финал босқичида иштирок этган.













