Мексиканинг Сан-Франциско-дел-Ринкон шаҳрида ҳаваскор жамоалар ўртасидаги футбол учрашуви вақтида қуролли ҳужум юз берди.
13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 14:30 атрофида ўйин бўлиб ўтаётган майдонга мототциклда икки номаълум шахс кириб келиб, футболчилар ва томошабинларга қарата ўқ узган. Одамлар ваҳима ичида стадионни тарк этишга уринган.
Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна олти киши шифохонага ётқизилган. Жароҳатланганлар орасида 12 ёшли ўсмир ҳам бор. Ҳалок бўлган шахс фастфуд сотувчиси бўлиб ишлаган ва бўш вақтларида ҳаваскор сифатида футбол ўйнаб келган 25 ёшли Хулио Сесар экани маълум бўлди.
Эътиборлиси шундаки, Мексика бир неча ой олдин Жаҳон чемпионати ўйинларига мезбонлик қилган ва ўша вақтда хавфсизлик чоралари энг юқори даражага кўтарилган эди. Бироқ турнир якунлангач, футбол майдонларида қуролли ҳужумлар яна тез-тез қайд этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг январь ойида Саламанка муниципалитетида юз берган шундай ҳужум оқибатида 11 киши ҳалок бўлганди. Июль ойида Сан-Хуан-де-Расосда уч киши, август ойида эса бошқа бир учрашув вақтида яна тўрт киши отишма қурбонига айланган.
Маҳаллий ҳокимият органлари спорт майдончаларининг кўплиги сабабли барча тадбирларда хавфсизликни тўлиқ таъминлашнинг имкони йўқлигини таъкидламоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари барча ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб бормоқда.













