А Сериянинг 5-турида Миланнинг «Интер» клуби яна характер кўрсатди. Кристиан Киву шогирдлари «Рома»га қарши баҳсда 0:2 ҳисобида ортда бораётиб, якунда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди — 2:2.
Учрашувдан сўнг «Интер» ҳужумчиси Маркус Тюрам жамоасининг ўйини ҳақида фикр билдирди.
«Барчамиз «Рома» ҳозирги пайтда энг кучли жамоалардан бири эканини ва мавсумни жуда яхши бошлаганини билардик. Биз ўйинга тўғри ёндашишни истагандик, аммо «Рома» биринчи бўлимни фантастик даражада ўтказди. Шундан сўнг биз вазиятга жавоб қайтаришимиз керак эди ва буни уддаладик», — дея Тюрам сўзларини forzaroma.info келтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Интер» Италиянинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. А Сериянинг кейинги турида миланликлар ўз майдонида «Парма»ни қабул қилади.













