Италия чемпионати раҳбарияти "Ювентус"ни 10 минг евро миқдорида жаримага тортиш ҳақида қарор қабул қилди.
Бунга клуб мухлисларининг бир қисми "Интер" ва Италия терма жамоаси афсонаси Сандро Маццола хотирасига бағишланган сукут дақиқасини бузгани сабаб бўлди.
Европа чемпиони ва жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Маццола шанба куни 83 ёшида вафот этган эди.
Ҳодиса 20 сентябрь куни "Альянц Стэдиум"да "Ювентус" ва "Аталанта" ўртасидаги учрашув олдидан содир бўлди.
Сукут дақиқаси вақтида Curva Sud сектордаги айрим мухлислар майдонга орқа ўгириб туришди, кейин эса "Ювентус" афсоналари хотирасига бағишланган қўшиқлар ва шиорларни айта бошлашди.
Мухлисларнинг бу хатти-ҳаракатлари футбол жамоатчилиги томонидан танқид қилинди. "Ювентус" ҳам ўйиндан кўп ўтмай содир бўлган ҳолатни очиқчасига қоралади.
Қайд этилишича, клубнинг воқеага тезкор муносабат билдиргани, шунингдек, стадиондаги бошқа мухлислар қўшиқ ва шиорларни қарсаклар билан босиб кетгани сабаб жарима миқдори камайтирилган.













