"Рома" янги стадион қурилиши учун расмий рухсат олди.
Арена Римнинг Пьетралата туманида жойлашади ва 60 605 нафар томошабинни сиғдира олади.
"Лойиҳани тезкор равишда амалга ошириш учун барча шароит яратилган. Қурилиш ишларини 2027 йил бошида бошлаш, уч йил ичида эса якунлаш режалаштирилган. Қурилиш жараёнининг ўзи икки ярим йил давом этиши ҳисобга олинса, стадион 2029 йилдаёқ тайёр бўлиши мумкин", — деди Рим мэри Роберто Гуальтьери.
"Энди янги босқич бошланади. Унинг мақсади — "Рома" ва шаҳарга уларнинг тарихи ҳамда амбицияларига муносиб бўлган замонавий ва экологик барқарор стадион тақдим этиш.
Ушбу лойиҳа фақат клуб ва унинг мухлислари учун янги уй сифатида эмас, балки бутун Рим учун муҳим ресурс сифатида ишлаб чиқилган. У янги имкониятлар яратиши, атроф ҳудудни янгилаш ва ривожлантиришга ҳисса қўшиши, шунингдек, шаҳар ва унинг аҳолиси учун узоқ муддатли фойда келтириши керак", — дейилади "Рома" баёнотида.
Ҳозирда "Рома" ва "Лацио" ўз уй учрашувларини Римдаги Олимпия стадионида ўтказмоқда.













