FIFA президенти Жанни Инфантино пойтахтимиздаги 90-мактабда барпо этилган янги футбол майдонининг очилиш маросимида иштирок этди.
Мазкур майдон FIFA Arena лойиҳаси доирасида қурилган бўлиб, унинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ҳамда футбол фахрийлари қатнашди. Улар ёшларга янги майдондан самарали фойдаланиш, мунтазам шуғулланиш ва келажакда юқори натижаларга эришиш бўйича тилаклар билдирди.
Янги футбол майдони ўқувчиларни спортга янада кенг жалб қилиш, улар учун замонавий ва қулай машғулот шароитларини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида Жанни Инфантино болаларга эсдалик совғаларини топширди. Шунингдек, иштирокчилар билан биргаликда хотира учун суратга тушди.
















