Уругвайнинг «Дефенсор Спортинг» клуби 16 ёшли вингери Николас Скотти Англияга кўчиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда TEAMtalk хабар берди.
Манба маълумотига кўра, иқтидорли футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун асосий даъвогар «Ливерпуль» ҳисобланади. Скоттининг шартномасида 9,4 миллион евро миқдорида товон пули белгиланган. Бироқ «Дефенсор Спортинг»да молиявий қийинчиликлар мавжудлиги сабаб футболчининг трансфери арзонроққа тушиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, ФИФА қоидаларига кўра, футболчи бошқа мамлакат клубига фақат 18 ёшга тўлгач ўтиши мумкин. Шу сабабли трансфер 2027 йил ноябрига қадар амалга ошиши имконсиз.
16 ёшли Скотти Жанубий Американинг энг истиқболли ёш футболчиларидан бири ҳисобланади. Манбаларга кўра, уни «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» ҳам кузатиб бормоқда.













