«Комо» ҳимоячиси Трево Чалоба «Челси»даги собиқ жамоадошларидан қай бири билан ҳали ҳам яқин алоқада экани ҳақида гапирди. Футболчи ҳозир «Флуминенсе» шарафини ҳимоя қилаётган Тьяго Силва билан ҳамон мулоқот қилиб туради.
«Тьяго доим мен ўрнак олган футболчилардан бири бўлган. Мактабда ўқиган пайтимда YouTube орқали унинг видеоларини, айниқса «Милан»даги ўйинларидан лавҳаларни доим томоша қилардим.
Кейин «Челси»да у билан бирга майдонга тушиш имкониятига эга бўлиш ажойиб эди. Бу менинг яна бир орзум амалга ошганини англатарди», — деди Чалоба.
«У «Челси»да ўйнаган пайтда мен унинг тикланиш жараёни, майдондаги ҳаракатлари ва ўйин услубини диққат билан ўрганардим. Ундан ўрганган энг муҳим нарсаларимдан бири — ҳар доим «агар шундай бўлса-чи?» деган савол билан вазиятни олдиндан тасаввур қилиш», — дея қўшимча қилди у.
Чалобанинг айтишича, Тьяго Силва ҳозир ҳам ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар орқали унга маслаҳат бериб туради.













