Туркия миллий терма жамоасида яқин вақт ичида мураббийлар алмашинуви юз бериши мумкин. Италиялик мутахассис Винченцо Монтелланинг бош мураббийлик лавозимини тарк этиши кутилаётган бир пайтда, унинг эҳтимолий вориси ҳам маълум бўлди.
La Gazzetta dello Sport нашрининг хабар беришича, Туркия футбол федерацияси миллий жамоа бошқарувини Арда Туранга ишониб топшириши мумкин. Манбага кўра, 39 ёшли мутахассис Монтелланинг ўрнини эгаллаш учун асосий номзод ҳисобланмоқда.
Арда Туран Туркия футболи тарихидаги энг машҳур футболчилардан бири саналади. У профессионал фаолияти давомида «Галатасарой», Мадриднинг «Атлетико» ҳамда «Барселона» клублари шарафини ҳимоя қилган.
Шунингдек, Туран Туркия миллий терма жамоаси сафида 100 та учрашув ўтказиб, 17 та гол уришга муваффақ бўлган.
Айни пайтда туркиялик мутахассис Донецкнинг «Шахтёр» клубини бошқармоқда. У ўтган мавсумда жамоасини чемпионлик сари етаклаган.
Туркия футбол федерациясининг мураббийни алмаштириш ҳақида ўйлаётганига миллий жамоанинг сўнгги вақтлардаги қониқарсиз натижалари сабаб бўлгани айтилмоқда.
Туркия терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида муваффақиятсиз иштирок этиб, гуруҳ босқичидаги дастлабки икки учрашувдан сўнг мусобақани тарк этган эди.
Бундан ташқари, жамоа УЕФА Миллатлар лигасининг жорий мавсумида кетма-кет тўртта мағлубиятга учради.
Шу сабабли Винченцо Монтелланинг келажаги сўроқ остида қолмоқда. Агар мураббийлар алмашинуви амалга ошса, Арда Туран Туркия миллий терма жамоасининг янги бош мураббийига айланиши мумкин.













