Суперлиганинг 23-туридан ўрин олган ОКМК – “Навбаҳор” (2:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар мураббийи Михаил Яремчук иштирок этиб, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди.
— Бугунги ўйинга қандай баҳо берасиз?
— Учрашув охиригача асабий, кучли босим остида кечди. Афсуски, кутилмаганда ўз дарвозамиздан иккита кераксиз тўп ўтказиб юбордик. Умуман олганда, ОКМК бугун яратган деярли барча хавфли вазиятлар шу бўлди. Бизда эса вазиятлар етарлича эди. Шунчаки улардан унумли фойдаланишимиз керак эди, шунда ўйин охири бунчалик асабий ўтмаган бўларди. Учрашувни хотиржам ҳолда якунлашимиз лозим эди — бу менинг ва мураббийлар штабимизнинг фикри.
— Ўйиннинг охири кўпроқ футболга мос бўлмаган ҳолатлар билан ёдда қолди. Ўша вазиятни қайта кўриб чиқдингизми, яъни, пенальти қайтарилгандан кейин урилган голнинг инобатга олинмаганлигини. Нима бўлди ўзи?
— Ҳа, ўша вазиятнинг такрорини кўрдик, бизнинг фикримизча, у ерда чизиқ чизилиши, вазиятга анча жиддийроқ қаралиши керак эди. Назаримизда, биз тоза гол урдик.
Жорий мавсумда ОКМКга қарши ўйинлар жуда қийин кечмоқда. Биринчи даврани эсласак, “Навбаҳор” мағлубиятга учраганди. Бугун ҳам жамоа ғалаба қозона олмади, ваҳоланки, бу жуда муҳим баҳслардан бири эди. Нега айнан ОКМКга қарши бундай бўлмоқда?
— ОКМК — яхши жамоа, бир неча йиллардан буён барқарор ва яхши жамоа ҳисобланади. Шу сабабли кучли жамоага қарши ўйинлар доим қизиқарли ўтади. Лекин яна такрорлайман: бугун ўйин бўйича, менинг фикримча, биз яхшироқ эдик ҳамда кўпроқ хавфли вазиятлар яратдик. Шунинг учун дурангдан хафамиз, табиийки. Ўйин охири эса — бу эмоциялар. Ҳамма ютишни хоҳлади: ОКМК ҳам, биз ҳам ғалабани истадик, шунинг учун бу шунчаки ҳиссиётлар. Кейинроқ ўйинни такроран кўриб чиқамиз, нима ва қандай бўлганини, нега бундай якун топганини таҳлил қиламиз.
— Бугун “Навбаҳор” аввалги ўйинларга қараганда, бироз кучсизроқ ҳаракат қилгандек таассурот уйғонмадими? Чунки ўтган учрашувлар сифати бўйича бугунги ўйиндан ҳам яхшироқ эди…
— Бизда маълум бир омиллар бор эди. Терма жамоага чақирилган футболчиларимиз сафларимизга бироз кечроқ қайтишди. Лекин мен ўйин сифати бугун анча яхши бўлди, деб ҳисоблайман. Эсласангиз, биринчи бўлимнинг бошида иккита жуда яхши вазиятимиз бўлди, иккинчи бўлимда ҳам етарлича эди. Яна иккитасини урганимизда — ҳисоб 4:2 бўларди.
— Кейинги тур баҳси “Пахтакор”га қарши кечади. Сизнингча, жамоа ҳалигача чемпионлик пойгасида қолдими? Чунки орадаги фарқ унчалик қисқармади...
— Биз охиригача курашамиз. Биз учун ҳар бир ўйин муҳим, қаршимизда қайси рақиб турганининг аҳамияти йўқ. Биз ҳар бир жамоани ҳурмат қиламиз, улар турнир жадвалида нечанчи ўринда бораётгани муҳим эмас, ҳар бирига жиддий ҳурмат билан тайёргарлик кўрамиз. Аммо биз ҳар доим ҳар бир баҳсда фақат ғалаба қозонишни истаймиз ва кейинги ўйинларда ҳам буни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.













