Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирининг 2-тури доирасида Фарғонанинг "Нефтчи" клуби Саудия Арабистонининг "Ан-Наср" жамоаси меҳмони бўлди.
Ар-Риёддаги "Ал-Аввал Парк" стадионида ўтказилган учрашув мезбонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Баҳснинг дастлабки дақиқаларидан "Ан-Наср" ташаббусни қўлга олишга интилди. 33-дақиқада Наваф Бушалнинг узатмасидан кейин Анжело тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни очди.
Орадан тўққиз дақиқа ўтиб, мезбонлар устунликни оширди. 42-дақиқада Айман Яҳёнинг узатмасини Криштиану Роналду голга айлантирди — 2:0.
Биринчи бўлим якунида "Нефтчи" ҳисобдаги фарқни қисқартиришга яқин келди. 44-дақиқада Маркус Форсс рақиб дарвозасини ишғол қилди, бироқ офсайд сабаб гол инобатга олинмади.
Танаффусдан кейин фарғоналиклар бош мураббийи Исломбек Исмоилов таркибда иккита ўзгаришни амалга оширди. Иброҳимҳалил Йўлдошев ва Ян Сассе ўрнига Фаррух Сайфиев ҳамда Алишер Одилов майдонга туширилди.
Бу қарор тез орада ўз самарасини берди. 51-дақиқада захирадан ўйинга қўшилган Алишер Одилов гол уриб, ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди.
Бироқ 65-дақиқада "Нефтчи"нинг вазияти янада мураккаблашди. Ярим ҳимоячи Икром Алибоев қўпол қоидабузарлик учун қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Шу тариқа, меҳмонлар қолган вақтни бир киши кам бўлиб ўтказишга мажбур бўлди.
Сон жиҳатдан устунликка эга бўлган "Ан-Наср" 78-дақиқада яна бир гол урди. Бу вазиятда "Нефтчи" ҳимоячиси Анваржон Ғофуров тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди — 3:1.
Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва фарғоналиклар мусобақадаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди.
Шу тариқа, "Нефтчи" икки турдан кейин 3 очко билан Ғарб минтақаси турнир жадвалида 7-ўринни эгаллаб турибди. "Ан-Наср" ҳам дастлабки ғалабасидан сўнг 3 очко жамғариб, 8-поғонага кўтарилди.
Элит ОЧЛ. Ғарб минтақаси, 2-тур
"Ан-Наср" (Саудия Арабистони) — "Нефтчи" (Ўзбекистон) — 3:1
Голлар: Анжело (33), Криштиану Роналду (42), Алишер Одилов (51), Анваржон Ғофуров (78, автогол).
Қизил карточка: Икром Алибоев (65, "Нефтчи").













