«Фулхэм» ярим ҳимоячиси Жошуа Кинг «Манчестер Юнайтед»нинг эҳтимолий трансфер мақсадларидан бирига айланди.
Манкунианликлар 19 ёшли футболчини қўлга киритиш учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади. Унга бошқа йирик клублар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Transfer News Live нашри Football Insider маълумотларига таяниб хабар беришича, «қизил иблислар»га иқтидорли англиялик футболчини сотиб олиш учун 50 миллион фунт стерлинг (қарийб 60 миллион евро) етарли бўлиши мумкинлиги айтилган.
Футболчининг ўзи ҳам бошқа клубга ўтишга қарши эмас. Бироқ трансфер январь ойида амалга ошиши эҳтимоли паст — музокаралар, катта эҳтимол билан, ёзда ўтказилади.
Жорий мавсумда Жошуа Кинг «Фулхэм» сафида еттита учрашувда майдонга тушиб, икки гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди.













