«ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике ўзининг мураббийлик фалсафаси ҳақида фикр билдириб, нима сабабдан ўзини бошқа мутахассислар билан таққослашга интилмаслигини тушунтирди.
Испаниялик мураббийнинг таъкидлашича, ҳар бир мутахассиснинг ўзига хос фаолият йўли бўлиши керак. У бошқаларнинг муваффақиятли услубига тақлид қилишдан кўра, ўз ғояларига содиқ қолишни муҳим деб ҳисоблайди.
«Ўзимни бошқа мураббийлар билан солиштириш ҳеч қачон мен учун рағбатлантирувчи омил бўлмаган. Ҳар кимнинг ўз йўли бор ва буни барча тушуниши керак.
Кўплаб мутахассислар бошқаларга муваффақият келтирган услубни такрорлашга ҳаракат қилишади. Мен учун эса энг муҳими — ўз йўлимдан бориш.
Шу билан бирга, доимо ўзингизга савол бериб туришингиз керак: жамоам айнан шундай ўйнашини хоҳлайманми? Агар жамоам шу услубда ўйнаб мағлуб бўлса, буни қабул қилишга тайёрманми?
Менимча, бу мураббий учун энг мураккаб масалалардан бири. Бироқ айнан мағлубиятлар бизни қабул қилган қарорларимизни қайта кўриб чиқишга мажбур қилади», — дея Энрикенинг сўзларини келтиради Marca нашри.
Маълумот учун, Луис Энрике 2023 йилдан буён «ПСЖ» бош мураббийи сифатида фаолият юритмоқда. Испаниялик мутахассис Париж клубидаги фаолияти давомида 13 та совринни қўлга киритган.













