Туркиянинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси раис ўринбосари Кюршад Зорлу ҳар икки йилда бир марта «Туркий мамлакатлар кубоги» футбол турнирини ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Унда туркий давлатларнинг миллий терма жамоалари иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Sports.kz TRT Haber нашрига таяниб хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Зорлу Туркия футбол федерацияси мамлакат Ёшлар ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда барча туркий давлатлар иштирокидаги «Туркий мамлакатлар кубоги» турнирини ташкил этиш ишларини бошлаётганини таъкидлаган. Мусобақани ҳар икки йилда бир марта ўтказиш режалаштирилган.
Туркия томонидан туркий давлатлар сифатида Туркий давлатлар ташкилотининг аъзолари ва кузатувчилари кўрсатилган. Ушбу ташкилотнинг тўлақонли аъзолари қаторига Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон киради.
Венгрия, Туркманистон ва Шимолий Кипр Турк Республикаси эса ташкилотда кузатувчи мақомига эга.













