Профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича биринчи ўрта вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Исроил Мадримовнинг озарбайжонлик Сеймур Исаевга қарши жанги декабрь ойига кўчирилди.
Лифт Промотионс компанияси хабарига кўра, жорий йилнинг 30 октябрь куни Тошкентдаги Humo Arena мажмуасида ўтказилиши режалаштирилган халқаро бокс оқшоми ташкилий сабаблар туфайли 10 декабрь куни бўлиб ўтади. Ташкилотчилар юзага келган ноқулайликлар учун мухлислардан узр сўраб, мухлислар хавфсизлиги биринчи ўринда эканини таъкидлаган.
Мадримовнинг рақиби — ўз вақтида UBO версияси бўйича жаҳон чемпиони бўлган озарбайжонлик Сеймур Исаев (15-2, 13 КО). У сўнгги бешта жангининг иккитасида имкониятни бой берганига қарамай, охирги учта тўқнашувда кетма-кет ғалабага эришган.
Айни пайтда The Ring журнали рейтингида ўз вазн тоифасида (69,9 кг) 4-ўринни эгаллаб турган Исроил Мадримов (11-2-1, 7 КО) учун бу 2026 йилдаги иккинчи жанг бўлади. Ўзбекистонлик боксчи сўнгги бор шу йилнинг январь ойида АҚШда рингга кўтарилиб, доминиканлик Луис Девид Салазарни очколар ҳисобига кўра мағлубиятга учратган эди.













