Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) келгуси тўрт йиллик цикл учун 6,35 миллиард долларлик ривожланиш жамғармасини ташкил этишни режалаштирмоқда. Янги дастурга кўра, ташкилотга аъзо бўлган 211 та миллий ассоциация, жумладан, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси (ЎФА) ҳам футболни ривожлантириш учун 25 миллион доллар миқдорида маблағ олиши мумкин.
The Associated Press нашрининг хабар беришича, FIFA сўнгги Жаҳон чемпионатидан тушган даромадлар ҳисобига аъзо федерациялар учун ажратиладиган сармоялар ҳажмини оширишга қарор қилган. Дастлабки режада ҳар бир миллий ассоциацияга 4 йил давомида 10 миллион доллардан берилиши кўзда тутилган эди. Қўшимча даромадлар ортидан бу сумма 25 миллион долларгача ошиши эҳтимоли бор. Шунингдек, лойиҳа доирасида олтита қитъа конфедерациясининг ҳар бирига 99 миллион доллардан маблағ ажратилади.
FIFA президенти Жанни Инфантино 28 сентябрь куни конфедерациялар раҳбарларига йўллаган мактубида ташкилотнинг молиявий ютуқлари барча аъзоларга хизмат қилиши кераклигини таъкидлаган. Мазкур режа келгуси йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган FIFA конгрессида расман тасдиқланиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, FIFA’нинг молиявий фондни кенгайтириш таклифи ташкилот раҳбари Жанни Инфантинонинг навбатдаги сайловлари ва унинг УЕФА билан юзага келган зиддиятлари фонида илгари сурилмоқда.
Маълумот учун, FIFA президентлиги учун сайловлар 2026 йилнинг 18 март куни Марокашда ўтказилади. Унда 211 та давлат қатори Ўзбекистон ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайловда қатнашмоқчи бўлган номзодлар жорий йилнинг 18 ноябрига қадар ўз аризасини топшириши белгиланган.













