Мадриднинг «Реал» клуби телевидениеси Винисиус Жуниорнинг Испания чемпионатида тўртта учрашувга дисквалификация қилинишига кескин муносабат билдирди.
Бразилиялик вингер Ла Лига доирасидаги «Вильярреал»га қарши учрашувда (1:0) қизил карточка олгани сабабли тўртта ўйиндан четлатилган эди.
«Реал» клуби телевидениеси бошловчиси мазкур қарорни танқид қилиб, Испания чемпионати ва Европа Чемпионлар лигасидаги ҳакамлик ўртасида жиддий фарқ борлигини таъкидлади.
«Винисиус масаласига келсак, бу — ҳақиқий уруш.
Чемпионлар лигасида Винисиусга қарши амалга ошириладиган "подкатлар" Испания чемпионатидагиларга ўхшамайди. Агар шундай қўпол ҳаракатлар содир этилса ҳам, улар тегишли тарзда жазоланади. У ерда нохолис муносабат йўқ.
Фақат Испания ҳакамлари Чемпионлар лигасидаги «Реал» иштирокидаги ўйинларни ҳам бошқариши етмай турганди... Бу даҳшатли бўларди», — деди «Реал» клуби телевидениеси бошловчиси.













