Туркиянинг "Бешиктош" клуби стадионида "Кристал Пэлас"га қарши учрашув вақтида ғалати ҳолат юз берди. Трибуналардаги кучли шовқин сабаб футболчилар ҳакамнинг биринчи бўлим якунланганини билдирувчи ҳуштагини эшитмай қолишди.
Маълумки, Туркия футболи ўзининг қайноқ мухлислик муҳити билан ажралиб туради. Айрим стадионларда ишқибозларнинг қичқириқлари, жамоани қўллаб-қувватловчи ҳайқириқлар ва пиротехника воситалари майдондаги шовқинни ниҳоятда кучайтиради.
"Бешиктош" ва "Кристал Пэлас" ўртасидаги баҳсда ҳам айнан шундай вазият кузатилди.
Мезбонлар Ндидининг голидан кейин ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган уч дақиқа ҳам тугагач, бош ҳакам танаффусни эълон қилиш учун ҳуштак чалди.
Бироқ футболчилар ҳакамнинг ишорасига эътибор бермасдан, яна бир неча сония давомида тўп учун курашишда давом этишди.
Бу ҳолатдан ҳайратланган ҳакам майдондаги ҳаракатларни тушунмай, футболчиларга қараб қолди.
Кейин маълум бўлишича, ўйинчилар трибуналардаги кучли шовқин туфайли ҳакамнинг ҳуштагини умуман эшитишмаган.













