Ўзбекистон Суперлигасининг 25-туридан ўрин олган баҳсда Қаршининг “Насаф” жамоаси ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилди. “Марказий” стадионида кечган қизиқарли баҳс майдон эгаларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашув қаршиликлар учун жуда омадли бошланди. Ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ меҳмонлар дарвозаси томон белгиланган пеналтини Бобур Абдухолиқов аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди — 1:0. Тезкор голдан руҳланган мезбонлар ҳужумкорликни янада оширишди ва бу ўз самарасини берди. 36-дақиқада Паата Гудушаури “Насаф”нинг иккинчи голига муаллифлик қилиб, биринчи бўлим якунига қадар жамоасининг ишончли устунлигини таъминлади — 2:0.
Иккинчи бўлимда “Сўғдиёна” мураббийлар штаби захирадан бир қатор янги футболчиларни тушириб, учрашув темпини ўзгартиришга ҳаракат қилди. Жиззахликларнинг фаоллиги ўйин охирларига борибгина ўз самарасини берди. 85-дақиқада захирадан майдонга қўшилган Сардор Жамолов рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни қисқартирди ва учрашувга интригани қайтарди — 2:1. Бироқ қолган дақиқаларда “Насаф” футболчилари ишончли ҳаракат қилиб, иродали ғалабани сақлаб қолишга муваффақ бўлишди.
Мазкур ғалабадан кейин “Насаф” ўз очколари сонини 41 тага етказиб, турнир жадвалининг 4-поғонасига кўтарилиб олди. “Сўғдиёна” эса 29 очко билан 11-ўринни банд этган.
Ўзбекистон Суперлигаси. 25-тур
“Насаф” — “Сўғдиёна” 2:1
Голлар: 1:0 — Бобур Абдухолиқов (6, пенальти), 2:0 — Паата Гудушаури (36), 2:1 — Сардор Жамолов (85).
“Насаф”: Абдувоҳид Неъматов, Алибек Давронов, Акрамжон Комилов, Ғолиб Ғайбуллаев, Сардорбек Баҳромов (Шароф Муҳиддинов, 63), Бобур Абдухолиқов (Юсуф Отубанжо, 90+2), Ойбек Рустамов (Қувончбек Хушвақтов, 90+2), Муродбек Раҳматов, Аббосжон Ғуломов (Аденис Шала, 63), Паата Гудушаури (Зафармурод Абдираҳматов, 80), Умарбек Эшмуродов.
“Сўғдиёна”: Милан Митрович, Зоир Жўрабоев, Исломжон Қобилов, Беҳруз Жуматов (Сардор Жамолов, 72), Беҳрузбек Асқаров (Жамшид Болтабоев, 46), Петар Мичин (Женан Займович, 67), Филип Иванович, Люпчо Дориев, Оллаберган Каримов, Самандаржон Мавлонқулов (Забиҳилло Ўринбоев, 46), Ойбек Нурматов (Жавоҳир Қаҳрамонов, 46).













