Элит Чемпионлар Лигаси 3-турида "Пахтакор" 26 октябрь куни Ироқнинг Бағдод шаҳрида "Эйр Форс" билан беллашади.
Ушбу клуб 8 бор Ироқ чемпиони бўлиб, ОФК Кубогининг 3 карра соҳибига айланган. Ўтган мавсумда бу жамоа Ироқ чемпионатида ғолибликни қўлга киритган.
"Шерлар" ушбу жамоага қарши 3 марта тўқнаш келган. Уларда жамоамиз 2 ғалаба ва бир дуранг қайд этган. Тўплар нисбати 3:1ни ташкил қилади.
"Пахтакор" Осиё клублар мусобақаларида Ироқ жамоаларига қарши жами 9 ўйинда майдонга тушган.
2003 йил "Ал-Талаба" билан Тошкентда ўтган учрашувда 3:0 ҳисобидаги ғалаба қайд этилган. 2005 йил "Завра" билан гуруҳ босқичида кечган беллашувларда ироқликлар муваффақиятга эришишган. Ўйинларда 2:1 ва 1:0 ҳисоби кузатилган. 2008 йил эса "Арбил"га қарши гуруҳ босқичидаги баҳсларда "Пахтакор" устунроқ эканини кўрсатган. Тошкентда 2:0, сафарда 5:1 ҳисобида ғалабалар қўлга киритилган. 2019 йил айнан "Эйр Форс"га қарши Тошкентдаги плей-офф ўйинида жамоамиз 2:1 ҳисобида зафар қучган. 2021 йил ушбу клуб билан баҳсларда 0:0 ҳамда 1:0 натижалари қайд этилган. Охирги беллашувда "Шорта" билан 0:0 натижаси кузатилган.
Умумий 9 ўйинда 5 ғалаба, 2 дуранг ва 2 мағлубият қайд этилиб, Ироқ клублари дарвозасига 14 гол урилган ва 5 тўп ўтказиб юборилган.
"Эйр Форс" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги ўйин 26 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 23:15да Бағдоддаги "Мадина" стадионида бошланади.













