«Реал» ҳимоячиси Эдер Милитаонинг уйи ўғрилар томонидан талон-торож қилинди. Етказилган зарар 350 минг еврога баҳоланмоқда.
Ҳодиса ўтган якшанба куни «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги «эл-класико» (2:1) вақтида содир бўлган.
Жиноятчилар Мадриднинг нуфузли Ла Моралеха ҳудудидаги уйга учинчи қаватдаги ҳаммом деразасидан кирган. Ўша пайтда Милитаонинг бир неча қариндоши биринчи қаватда футбол томоша қилаётган бўлган.
Ўғрилар 53 минг евролик Rolex, 170 минг евролик Richard Mille соатлари, Chanel сумкалари, Cartier тақинчоқлари ва бошқа қимматбаҳо буюмларни олиб кетган.
Уйдаги сигнализация ишламаётган бўлган, жиноятчилар эса кузатув камерасини узиб ташлаган. Полиция мавжуд видеёзувларни ўрганмоқда.
Айрим буюмлар Милитао учун катта маънавий аҳамиятга эга. Футболчи уларни қайтариш мақсадида OPS2 Servicios хавфсизлик компанияси раҳбари Рохелио Гомесни ёллаган.













