Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Александр ШАПРАН: «Андижонда суперклуб ташкил қилиш учун вақт керак»

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта Андижон футболида яна бир унутилмас воқеа бўлиб ўтди. «Андижон» клуби биринчи лига баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, олий лига йўлланмасини қўлга киритиши муносабати билан катта байрам тадбири ташкил қилинди

ва футбол жонкуярлари, мухлислар билан биргаликда жамоа аъзолари учун ҳам байрам дастурхони ёзилди. Аммо тадбирдан кўзланган мақсад фақат байрам эмасди. Хабарингиз бор, «Андижон» клуби футболчиси Дмитрий Краев оғир хасталикка дучор бўлган. Клуб футболчига имкон қадар ёрдам бериб келмоқда. Тадбир давомида «Бунёдкор» клубига қарши ўртоқлик ўйини ва таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури ташкил қилинди. Ундан тушган маблағ эса тўлиғича Дмитрий Краевнинг даволаниши учун ўтказиб берилди. Биз ҳайрия тадбири якунига етгач, «Андижон» клуби ижрочи директори Александр Шапран билан суҳбатда бўлдик.

 

- Ўтган мавсумдан кўнглингиз тўлдими?

 

- Жамоамиз ўз олдига қўйган мақсадга эришиб, олий лига йўлланмасини қўлга киритди. «Андижон» янги мақсад сари интилмоқда ва жамоа ўз ривожланиш дастурини ишлаб чиққан. Мана шу дастур асосида ишлашда давом этамиз. Албатта, ҳали қиладиган ишлар жуда кўп.

 

- Жамоа футболчиси Дмитрий Краевнинг ҳолати мухлисларнинг ташвишига сабаб бўлди.

 

- Клуб Дмитрийни ҳар доим қўллаб келган. Унга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан кўмак бериб келмоқдамиз. Шунингдек, ҳайрия тадбирлари ҳам ташкил қилинди. Хусусан мавсум якунлангач, «Бунёдкор» клубини ўртоқлик ўйинига чақиришимиздан мақсад ҳам шу эди. Бу тадбирдан тушган маблағ тўлиғича Дмитрий Краевнинг даволаниши учун ташкил қилинган ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. Аввал ҳам биз худди шундай ҳайрия ўйини ташкил қилгандик ва ундан тушган маблағни ҳам Диманинг даволаниши учун ўтказгандик. Шу ўринда бир масала мени ҳайрон қолдиради. Нима сабабдан Ўзбекистонда шу вақтга қадар футболчилар касаба уюшмаси ташкил қилинмаган? Футболчилар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қандай уюшмалар бор? Масалан Европада профессионал футболчилар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган алоҳида ассоциациялар, касаба уюшмалари бор. Бизда ҳам бу борада иш бошлайдиган вақт келди деб ўйлайман. Ахир футболчилар ҳам иссиқ жон ва ҳар қандай ҳолатга дуч келиши мумкин...

 

- Дмитрий Краев борасида қандай янгиликлар бор?

 

- Биз у билан мудом алоқада бўлиб турибмиз. Дмитрийнинг бош миясида ўсимта пайдо бўлган. Футболчимиз Санкт-Петербург шаҳрида тиббий кўрикдан ўтди. Кўрик давомида миядаги ўсимта хусусиятлари ўрганиб чиқилган. Шифокорларнинг айтишича, бундай турдаги ўсимта икки хил бўлади, тиғ текказиб бўлмайдиган ёмон сифатлиси ва жарроҳлик амалиёти орқали даволаса бўладиган иккинчи тури. Шукрки Дмитрийни жарроҳлик амалиёти орқали даволаш имконияти бор экан. Бугун у Москва шаҳрида жарроҳлик амалиётидан ўтди (суҳбат 13 ноябрь санасида бўлиб ўтган). Ҳозирча Краевнинг аҳволи қандай эканидан бехабармиз. Аммо шифокорлар барчаси яхши бўлишини ваъда берганлар. Дима ҳали тузалиб ҳам кетади ва Худо хоҳласа ҳатто профессионал футболга қайтиши ҳам мумкин. Насиб қилса ҳали Дмитрий Краев яна футбол ўйнайди.

 

- Сиз тажрибали мутасаддисиз, илгари ҳам биринчи лигада ишлагансиз. Хусусан «Машъал» ва «Бунёдкор»даги фаолиятингизни эсласак бўлади. Мана энди «Андижон» билан ҳам олий лигага чиқдингиз. Айтингчи, ўша вақтлар билан ҳозиргиси ўртасида қандай фарқ бор?

 

- Тўғри айтдингиз. Биринчи лигада ишлашга илгари ҳам тўғри келганди. «Машъал» ва «Қурувчи» клубларида фаолият олиб борганман. Ҳар икки клубни ҳам биринчи лигадан олий лигага олиб чиққанмиз. Иш фаолиятим давомида биринчи лигада анча тажриба орттирганман. Мана энди «Андижон» билан ҳам шу вазифани бажардик. Бу борада ёрдамим текканидан хурсандман. Ўтган давр оралиғидаги фарққа келадиган бўлсак, унчалик ҳам катта фарқ кўзга ташланган деб айта олмайман. Биринчи лигада ҳар доим кескин кураш кечган. Бу ҳам бир тажриба мактаби. Футболчиларимиз мана шу мактабда орттирган билим ва кўникмаларини келаси мавсум олий лигада намойиш этиб берадилар деб умид қиламан.

 

- Биринчи лига савияси ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик.

 

- Ҳозир кўпчиликда биринчи лига ўйинлари осон кечади деган таассурот пайдо бўлиб қолган. Аслида бу шунчаки, юзаки таассурот холос. Шахсан ўзим шунча йиллик фаолиятим давомида ўткинчи ўйинларни жуда кам кўрганман. Ҳар бир жамоа охирига қадар ғалаба учун кураш олиб боради. Балки буни биринчи лига клубларида ёш футболчиларга кўп эътибор қаратилиши ва улар катта иштиёқ билан майдонга тушиши сабаб бўлар. Чунки улар ҳам карьера қилишни истайдилар. Олий лига ўйинларига қараганда биринчи лига учрашувлари халққа яқинроқ бўлса керак деб ўйлайман. Чунки биринчи лига ўйинлари чекка туманларга қадар етиб боради. У ерларда ҳам футболга қизиқиш жуда кучли. Бунга ўзим бир неча бор гувоҳ бўлганман.

 

- Аммо биринчи лига клубларининг битта айби бор, улар орасида олий лигага чиқиш учун росмана кураш олиб борадиганлари жуда кам.

 

- Бу гапингизга қўшиламан. Дарҳақиқат биринчи лига клублари орасида олий лигада ўйнашга интиладигани жуда кам. Масалан бу йил «Машъал» ва «Андижон»дан ташқари яна «Қўқон» жамоаси ҳам курашди. Аммо бу жуда кам. Рақобат бўладиган жойдагина ўсиш бўлади. Олий лигага чиқиш учун курашадиган жамоалар нари борса 4-5тани ташкил қилади. Йигирма тўрт жамоа иштирок этадиган мусобақа учун бу жуда кам...

 

- Сиз учун биринчи лиганинг оғриқлик нуқталари яна нимада?

 

- Майдонлар масаласи жуда қийин. Кўп ҳолларда сифати ўта паст майдонларда ўйнашга тўғри келди. Бундай ҳолатда футболчиларнинг жароҳат олиши хавфи жуда катта бўлади. Ин­фраструктура борасида биринчи лигада қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп. Токи иш профессионал тарзда йўлга қўйилмас экан, футбол ривожи ҳам сустлашиб қолаверади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ахир ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасида тўп сурадиган кўплаб футболчилар айнан биринчи лига клублари шарафини ҳимоя қилишади. Олий лига клубларига ўтгунга қадар яна кўплаб иқтидорлар ҳам қуйи лигада ўзларини кўрсатишлари лозим. Ҳозирда олий лига клубларида кўп ишлар амалга оширилмоқда, стадионлар қурилди, майсалар сифати яхшиланди. Энди биринчи лигага ҳам катта эътибор қаратадиган вақт келди деб ўйлайман.

 

- «Андижон» бош мураббийи Азамат Абдураимов билан суҳбатда бўлганимизда, мавсум бошида футболчиларга кўтарма пуллари берилмагани ва фақат йил охирида натижага қараб мукофот берилишига келишиб олганларини айт­ганди.

 

- Тўғри. Мавсум бошида мураббийлар штаби билан келишиб, мана шундай янгиликка қўл уришга қарор қилдик. Бу ишимиз анча самарали бўлди деб ҳисоблайман. Мавсум бошида футболчилар билан йиғилиш ўтказдик ва кўтарма пуллари ўрнига натижага қараб мукофот жорий қилишга қарор қилдик. Футболчилар ҳам бунга рози бўлдилар. Кўриб турганингиздек, бу услуб анча фойдали бўлиб чиқди ва жамоамиз ўз олдига қўйган мақсадга эришди.

 

- Футболчилар ваъда қилинган мукофот пулларини қачон оладилар?

 

- Декабрь ойи ўрталарига қадар барча футболчилар билан ҳисоблашилади. Бу борада клубимиз олдига қўйилган мақсад аниқ. Биз янги жамоа ташкил қилишга уринмоқдамиз. Келгуси йиллар давомида жамоани янги мақсадлар сари шакллантириб боришни кўзлаганмиз. Футболчилар ишончини йўқотиб, янги мақсадга эришиш мумкин эмас. Шундай экан, очиғини айтаман, биз футболчиларни алдамаймиз. Ваъда бердикми, демак бажарамиз. Ҳомий ташкилотлар билан бу борада келишиб қўйганмиз. Яқин вақтлар ичида барча футболчилар билан ҳисоблашиб оламиз.

 

- Тажрибали мутасадди сифатида айтингчи, футболчиларга кўтарма пуллари берилиши тўғрими? Шахсан менинг фикрим мана бундай, кўтарма пуллари футболимиз ривожига тўсиқ бўлмоқда. Чунки футболчилар кўтарма пули умидида ҳар йили янги клубга ўтишни истайдилар. Бу борада сиз нима дея оласиз?

 

- Гапингизда жон бор. Дарҳақиқат кўтарма пуллари ўзбек футболи ривожига тўсқинлик қилаётгани бор гап. Футболчилар навбатдаги кўтарма пулларига эга бўлиш учун ҳар йили клуб алмаштириш пайида бўладилар ва бу ҳолат беқарорликни келтириб чиқармоқда. Европани қўя туринг, ҳатто ён қўшнимиз Қозоғистонда ҳам кўтарма пулларидан воз кечишга ўтилган. Бунинг ўрнига мукофот пуллари жорий қилинган ва ойма-ой, футболчиларнинг кўрсатган ўйинига қараб, мукофот тўлаб борилади. Бу нарса футболчиларни барқарор ўйин кўрсатишга, мудом курашишга, интилишга чорлайди. Биздачи? Футболчи мавсум бошида мураббийлар штаби ва клуб раҳбариятида яхши таассурот қолдириш учун куйиб-пишиб ҳаракат қилади, ўйнайди. Кўтарма пулини олиб бўлгач эса, худди вазифа бажарилгандек бўшашиб қолади. Биз ҳам Европа футболидан ўрнак олишимиз керак. Футболчи ойлик ва ҳар бир ғалаба учун бериладиган мукофот пулидан ташқари яна қўшимча рағбатлантиришга муносиб эканини мудом исботлаб бориши шарт.

 

- «Андижон» клуби бундан кейин ҳам мана шундай услубда иш олиб борадими?

 

- Биз буни кўриб чиқамиз. Шундай услубда давом этишни ўзимиз ҳам истаймиз албатта.

 

- Футболимизда шундай ҳолат юзага келганки, клублар аниқ рақамларни тилга олишни истамайдилар. Сиз «Андижон» клуби директори сифатида футболчиларга бериладиган маош ва мукофот пуллари миқдорини очиқ айта оласизми?

 

- Албатта. Биз мавсумнинг биринчи ярмида ҳар бир ғалаба учун футболчиларга 500 минг сўмдан мукофот пули бериб келдик. Мавсумнинг иккинчи ярмида эса, яъни бевосита олий лигага чиқиш учун кураш олиб борган ўйинларда 500 минг сўмдан бир миллионга қадар бўлган маблағ мукофот пули сифатида бериб борилган.

 

- Олий лигада жамоа олдига қандай вазифа қўйилади?

 

- Биз бирдан юлдузларни йиғиб олиб, олий лигада юқори ўринлар учун дарҳол кураш олиб бормоқчи эмасмиз. Одатда бундай жамоалар бир-икки йилда молиявий салоҳиятини йўқотиб, кейин бирдан пастга шўнғий бошлайди. Футболда бундай жамоаларга мисоллар жуда кўп. Жамоамиз энг аввало маҳаллий ёшларга катта эътибор қаратади. Биз иқтидорли ёшлар кўмагида барқарор ўсиб боришга эришмоқчимиз. Тўғри, бу йўл анча қийин, аммо биз шунга эришишни мақсад қилганмиз. Шу билан биргаликда яхши савияга эга ва ёш футболчиларнинг ўсишига ёрдам бера оладиган 2-3 нафар легионерларни ҳам таркибга жалб қилишни режалаштирганмиз. Бу футболчилар жамоа олдига қўйилган вазифаларни бажаришда кўмак бўлиш билан биргаликда, ўз тажрибаларини ёшлар билан баҳам кўришлари ҳам керак. Чунки бизнинг асосий кучимиз ва жамоамиз келажаги - ёшлар бўладилар.Биз энг аввало уларга умид боғлаганмиз. Андижонлик маҳаллий ёшлар иқтидорини юзага чиқармоқчимиз. Шу билан биргаликда йил ўтган сари жамоа олдига қўйилган вазифа ҳам юксалиб бораверади. Ҳаммаси аввалдан режалаштирилган ва мана шу режа асосида ишлаймиз.

 

- Андижонлик мухлислар футболни жуда яхши кўрадилар, вилоят ҳам молиявий жиҳатдан яхшигина салоҳиятга эга. Юқори мақсадларни ўз олдига қўйган, олий лигада ғолиблик учун курашадиган, халқаро мусобақаларда иштирок этадиган жамоа ташкил қилиш имконияти борми?

 

- Бор албатта. Биз айнан шунинг учун курашмоқчимиз. Вилоят футболи учун жон куйдирадиган раҳбарлар кўп, ҳомий ташкилотлар бор. Уларнинг кўмагида футболимизни ривожлантириш учун курашмоқдамиз. Аммо бунинг учун вақт керак бўлади.

 

- Айнан қанча вақт керак бўлади? Андижонлик мухлислар яна неча йилда ғолиблик учун курашадиган жамоани кўришлари мумкин?

 

- Агар ўз мақсадларимизни амалга ошириш учун 2-3 йил вақт берадиган бўлсалар, олий лигада совринли ўринлар учун ҳаракат қиладиган, рақобатбардош жамоа ярата оламиз. Бизга ҳомий ташкилотлар барқарор тарзда ёрдам кўрсатиб келмоқдалар. Бюджет маблағи аниқ тақсимланган ва ҳар кварталда жамоамиз учун керак бўлган маблағҳисобимизга ўтказиб берилмоқда. Молиявий томонлама муаммо бўлмагач, «Андижон»да кучли жамоа ташкил қила оламиз. «Андижон» кўпгина спорт турларида ном қозониб келмоқда. Насиб қилса яқин вақтлар ичида Андижон футболи ҳам мана шундай даражага эришади. Мухлислар яқин вақтлар ичида ўзлари орзу қилган жамоани кўрадилар. Андижон футболи азалдан кучли бўлиб келган. Унинг энг кучли томонларидан бири - айнан мухлислардир. «Бунёдкор» ва «Машъал»да ишлаган вақтларимдан яхши биламан, «Андижон»дан очко олиш ҳар доим қийин бўларди. Чунки уни мухлислар жуда қаттиқ қўллаб-қувватлардилар. Насиб қилса бу мухлислар билдирган ишончлари учун муносиб тақдирланадилар.

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 10:40, 21.11.2013.
Ўқилди: 4848 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.