Кеча Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Осиё футбол конфедерацияси офисида 2014 йилги Чемпионлар лигаси ҳамда ОФК кубоги мусобақалари учун ташкил этилган қуръа маросимидан сўнг, ушбу тадбирлар учун аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари вакиллари қиъамиз футболининг олий органи бош котиби билан суҳбатлашиш имконига эга бўлдилар. 2009 йилдан буён ОФК бош котиби лавозимига тасдиқланган малайзиялик Дато’ Алекс Сусей Осиёдаги етакчи журналистлар билан учрашув давомида мамлакатимиз футболига доир саволларга ҳам жавоб қайтарди.
Жумладан, Ўзбекистон жамоаларининг имкониятларини қандай баҳолаши ҳақида у қуйидагиларни билдирди:
— “Бунёдкор” ОЧЛ беллашувларини гуруҳ босқичидан бошлайди. Бу клуб қитъада баланд нуфузга эга. Сўнги икки мавсумда жамоа Шарқий минтақада иштирок этди. Ва маҳаллий грандларга етарлича ташвишлар туғдира олди. Ўйлайманки, “Бунёдкор” янги турнирда ҳам муваффақиятли қатнашади. Ғарбий минтақадан финалга бериладиган йўлланма учун Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони асосий даъвогарлардан бири бўлиши кутилмоқда. Жамоанинг ОЧЛдаги тажрибаси бунга асосий омил.
“Локомотив” ва “Насаф” осон бўлмаган саралашни енгиб ўтишлари керак бўлади. Бу – футбол. Унда ким кучли бўлса, ўша ғолиб чиқади. Мен мамлакатингизнинг учала вакилига фақат ва фақат омадлар тилаб қоламан, — дейди Алекс Сусей.
Улуғбек Мирзаев,
Куала-Лумпур