Аввал хабар берганимиздек, Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби таътилдан қайтди. Шу муносабат билан клуб матбуот хизмати жамоа бош директори Бахтиёр Бобоевдан тайёргарлик жараёнига оид маълумот беришини сўраб мурожаат қилди.
-"Бунёдкор" кеча янги мавсум тадоригини бошлади. Бунгача футболчилар клуб базасида йиғилишган ва тиббий кўрикдан ўтгандилар. Тайёргарликнинг биринчи босқичи янги йил байрамига қадар давом этади.
-Клубга янги келганларнинг қанчаси жамоанинг ҳақиқий аъзосига айланиб улгурди?
-Асосий таркиб билан бир қатор янги ўйинчилар шуғулланмоқда. Воҳид Шодиев ("Бухоро"), Бобуржон Акбаров ("Гулистон"), Шукурали Пўлатов ("Нефтчи") клубимиз билан шартнома имзолаб бўлишди. Яна бир қатор ўйинчилар билан бош мураббий Миржалол Қосимов истагига кўра келишувга эришишимиз мумкин.
-Хорижда ўтказиладиган йиғинлар чоғида қайси рақиблар билан ўйнашимиз маълумми?
-Январда БААда ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш режалаштирилган. Жамоа 18 январдан 1 февралгача Дубайда бўлади. "Жебель Али" номли беш юлдузли меҳмонхонадан биз 2008 йилдан буён фойдаланиб келамиз.
Дубайдаги йиғин вақтидаги рақибларимиз Россия ва Украинанинг кучли клублари бўлади. Москванинг "Динамо" клуби биз билан 25 январда ўйин ўтказишини тасдиқлаган. 22 январ куни эса Украина чемпиони, ЕЧЛ гуруҳ босқичи иштирокчиси бўлган Донецкнинг "Шахтёр" клуби билан ўйнашни ният қилганмиз. 31 январда Россия премьер-лигаси пешқадамлари сафига кирадиган Москванинг "Спартак" клубига қарши майдонга чиқамиз. Бу жамоалардан тасдиқ хати кутяпмиз.
-25 февралда жамоа Осиё Чемпионлар лигасида мавсумнинг илк расмий ўйинини ўтказади. Февралдаги тайёргарлик қаерда ва қандай ўтади?
-4-17 феврал кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин ўтказиш режада бор. Бу ерда ҳам анъанага мувофиқ "Blue Waters" комплексида истиқомат қиламиз. Мураббийлар штаби бу йиғин чоғида 6 та ўйин ўтказишни истамоқда. Рақибларимиз ким бўлиши ҳақида кейинроқ аниқ маълумот бериш мумкин бўлади.
Тошкентга қайтгач, бир неча кун ўтиб янги халқаро мавсумни бошлаш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетилади.