Йилнинг ҳар чорагида нашрдан чиқувчи ОФК журналининг 2013 йил учун сўнгги сонида Тошкентнинг "Пахтакор" жамоасига 3 саҳифа ажратилган бўлиб, мақолага "Келажак учун ниҳоллар экилмоқда" дея сарлавҳа қўйилган.
Зико, Ривалдо, Луиз Фелипе Сколари сингари футбол олами машҳурларининг ўзбек футболидаги фаолиятини эслаб ўтиш билан бошланадиган мақолада "Пахтакор" тарихи ҳамда бугунги куни ҳақида маълумотлар келтирилган. Бир саҳифа тўлиқ кириш қисм бўлиб, кейинги саҳифада клубнинг бугунги куни, кейингисида эса тарихига оид кўплаб суратлар келтирилган. Вице-президент Самвел Бабаян ва бош мураббий Мурод Исмоилов ўз интервьюларида жамоанинг бугуни ҳақида гапириб ўтган бўлса, ЎФФ фахрийлар кенгаши раиси Тўлаган Исоқов "Пахтакор" тарихига тўхталиб ўтган. Қуйида ана шу интервьюларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Самвел Бабаян: - Мақсадимиз фақатгина клубни ривожлантириш эмас, балки бутун Ўзбекистон футболини ўстиришдир. Биз академиямизга кўпроқ эътибор қаратамиз ва ҳозирги кичик ёшдаги Ўзбекистон терма жамоалари таркибида 10-15 нафар ўйинчимиз тўп сурмоқда. Ҳозир янги жамоа қуряпмиз ва унинг асосини ўз академиямиз тарбияланувчилари ташкил этади. Ўтган йили чемпион бўлгандик. Келгусида ҳам албатта ҳар йили муваффақият қозонамиз. Жамоа сифатида шаклланишни ва янгича футболни ривожлантиришни истаймиз. Кубокларни ҳам ўз тарбияланувчиларимиз ёрдамида қўлга кирита оламиз.
Мурод Исмоилов: - Таркибимизда ёш ўйинчилар жуда кўплаб топилади. Асосий эътиборни ўз академиямиздан етишиб чиқаётган ўйинчиларга қаратмоқдамиз. Бу жуда мушкул, аммо ҳар бир мураббий учун фойдали. Умид қиламанки, келажакда кучли жамоага айланамиз. Ўйлашимча, бу яна яккапешқадамга айланишимиз учун шароит яратади.
Осиё чемпионлар лигасидаги рекордимиздан ғоят фахрланамиз. Ахир бу - Осиёнинг энг нуфузли турнири. Шу вақтга қадар чорак финалга икки марта етиб борганмиз. Яқин икки-уч йилда бу иқтидорли ёшлар билан ОЧЛ чемпионлиги учун курашишимизга умид қиламан.
Аммо биз Ўзбекистон ва ОЧЛдаги энг ёш жамоа бўлсак-да, мухлислар биздан фақат ғалабалар кутишади. Жамоамизнинг ҳар бир ўйинчиси буни ҳис қилиб туради, аммо бу босим ҳам биз учун фойдали. Барча қийинчиликлар ва оғир меҳнатга доим тайёр туриш керак.
Тўлаган Исоқов: - "Динамо"га қарши ўйинда жароҳат олганим учун Россияда эдим. 9 август куни Москвага учганман ва шифокор ҳаммаси яхши эканини айтганди. Тошкентга қўнғироқ қилдим. Мураббий Тошкентга қайтишимни ва жамоа билан 11 август куни Минскка учишимни айтди. Буни шифокор билан маслаҳатлашдим. У кўпроқ вақт Москвада қолишимни маслаҳат бергач, қолдим. ...Тўқнашув ҳақида эшитганимда нима қиларимни билмай қолгандим. Йиғлагим келарди, лекин шокда эдим.
Улар доим бизнинг ёдимизда. Улар менинг дўстларим эди, бошқалар учун севимли футболчи, оила аъзоси. Ҳозир ҳам уларни хотирлаб турли мусобақалар ўтказиб келяпмиз.