Жамоамиз устози Рўзиқул Бердиев жорий мавсум якунларига кўра мамлакатимизда “Йилнинг энг яхши мураббийи” деб топилди.
— Ўзбекистонда яхши мураббийлар кўп. Албатта йилнинг энг яхши мураббийи дея эътироф этилиш ҳар қандай кишига қувонч бахш этади, — дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Рўзиқул Саъдуллаевич. — Бу нафақат менга, бутун жамоамиз учун берилган соврин деб биламан. Клуб раҳбарияти томонидан бизга керакли шарт-шароитлар яратилди ва биз шунга мос равишда ҳаракат қилдик. Шу ўринда футболчиларимга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Чунки уларнинг меҳнати самараси, кўрсатган ўйини туфайли ушбу мукофотга лойиқ кўрилдим. Бу соврин менга ва жамоамга янада катта масъулият юклайди. Келгусида бунданда юксак натижаларни қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қиламиз.
— Куни кеча 2014 йилги мавсум учун қуръа ташланди...
— Қуръа ташлаш маросимида бевосита ўзим иштирок этдим. Бу йил чемпионат баҳслари янгича тартибда ўтаркан. Менимча, бу чуқур ўйлаб қилинган ҳолат ва бу ўз самарасини бериши керак. Биз чемпионатнинг илк ўйинни Самарқанднинг “Динамо” жамоаси билан ўз майдонимизда ўтказамиз. Самарқандликлар ўтган мавсумда ёмон ўйин кўрсатишмади. Биз айни пайтда нафақат чемпионат баҳсларига, балки ОЧЛ беллашувига ҳам қизғин ҳозирлик кўраяпмиз. Ўйлайманки, чемпионат баҳсларига қадар жамоамиз 100 фоиз мавсумга тайёр бўлади.
— Айни пайтда мухлисларни жамоа таркибидаги ўзгаришлар қизиқтирмоқда. Таркибга легионер футболчилар ҳам жалб этиладими?
— Тўғрисини айтиб ўтишим керак, легионерларга камроқ эътибор қаратаяпмиз. Сабаби яхши легионер топишнинг ўзи муаммо. Шу боис уларни таклиф қилиш реажмизда йўқ. Асосий эътиборни маҳаллий футболчиларга эътибор қаратаяпмиз. Якин кунларда бу ҳақда маълумот берамиз. Қолаверса, жамоани тарк этадиган футболчилар ҳам бўлади. Чунки аксарият футболчиларимиз ўйин амалиётисиз қолиб кетишмоқда. Шу сабаб уларга ўзларини бошқа жамоа таркибида синаб кўришлари учун имкон бермоқчимиз. Энг асосийси жамоамизнинг барча етакчи футболчилари билан шартномани узайтирдик.