Ортда қолаётган 2013 йил “Бунёдкор” футбол клуби учун жуда ҳам омадли бўлди.
Ўтиб бораётган йилда “қалдирғочлар” Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиқишиб, ўз тарихида бешинчи маротаба чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишди. Мамлакат кубоги баҳсларида ҳам “Бунёдкор”га тенг келадиган рақиб топилмади. Шунингдек, ёшларимиз клубнинг пойдевори мустаҳкам эканлигини амалда исботлашиб, ёшлар лигаси ғолиблигини қўлга киритишди. Ундан ташқари, футбол мактабимиз ва жамоамиз фахрийлари ўзлари иштирок этган турнирларда бош совринга эга чиқишди.
Энди бу натижалар тарихда қолди. “Бунёдкор” янги йилда ҳам янгидан-янги марраларни забт этишга ҳаракат қилади. 2014 йилдаги энг асосий вазифа бу – Осиё Чемпионлар лигаси турнири бош совринин мамлакатимизга олиб келишдир.
Бу мақсад йўлида “Бунёдкор” футбол клубининг аҳил жамоаси доимо изланишда. Ўйлаймизки, 2014 йилги футбол мавсуми ҳам “қалдирғочлар” учун муваффақиятларга бой йил бўлади.
“Бунёдкор” ФК рахбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар ва клубнинг барча ходимлари Сиз азизларни кириб келаётган 2014 йил билан самимий муборакбод этади.
Янги йилда сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, фаолиятингизда янги муваффақиятлар, эзгу орзуларингиз рўёбга чиқишини тилаймиз!
“Бунёдкор” футбол клуби