Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Алишер Никимбаев: «Осиё кубоги ва ЖЧ саралаши бирлаштирилиши мумкин»

Баҳо:
+ | -

Ўзбек футболида Алишер Никимбаев ўзига яраша мавқе ва ҳурматга эга. Салкам 15 йил давомида ЎФФда (турли лавозимларда) ишлаган ҳамюртимиз бугундан янги иш жойи — БАА про-лигаси лицензиялаш бўлимида фаолиятини бошлайди.

Амирликлар бундан аввал айнан БААда ўтган ўсмирлар (U-17) ўртасидаги ЖЧ-2013 ташкилий қўмитаси таркибида бўлган Никимбаевни қўйиб юборишни исташмади. Қолаверса, у 1,5 йил мобайнида ОФКда ҳам фаолият юритиб, яхшигина тажриба тўплади. 2011 йилнинг 1 март кунидан расман ОФКда иш бошлаган юртдошимиз аввалига Профессионал футбол лигалари бўлими, кейин эса янги тузилган Аъзо ассоциациялар, халқаро ишлар ва ривожлантириш бўлимида меҳнат қилди. Афсуски, Никимбаев ҳам «Бин Ҳаммам иши» қурбонига айланиб, ҳали шартномаси якунига етмай туриб, ОФКни тарк этганди. Таътил вақтидан унумли фойдаланиб, Тошкентга келган Алишер ака кеча тонгда Дубайга жўнаб кетди. Биз сафар олдидан газетамиз учун махсус интервью олдик. Бу суҳбатни ўқиш асносида тажрибали мутахассис билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўласиз.

ФУТБОЛ ОЛАМИГА ЖУРНАЛИСТИКА ОРҚАЛИ ЙЎЛ
— Кўпчилик қатори оддий футбол мухлиси бўлганман, — дея сўз бошлади бугунги суҳбатдошимиз. — 11 ёшимда илк бор катта футбол ўйинини бевосита стадионда томоша қилганман. Бу 1982 йили собиқ иттифоқ кубоги доирасида ўтказилган «Пахтакор»-«Нефтчи» (Боку) учрашуви эди. «Пахтакор» стадионида кечган ўйинда шонли жамоамиз пенальтилар серияси бўйича ғалаба қозонганди. У пайтлар футболга оид маълумотларни фақат газета орқали олардик. Лекин газетани қўлга киритиш ҳам осон эмасди. Ўша вақтлар бутун иттифоқ учун биргина «Футбол хоккей» ҳафталик нашри бўларди. Унга обуна бўлиш амри-маҳол эди. Битта туманга 2-3тагина обуна тўғри келган. Киоскадан сотиб олардим. Кейин асосан «Советский спорт»ни ўқирдим. Ўзимизда эса «Физкультурник Узбекистана» газетаси чоп этиларди. 9-синфда ўқиб юрган кезларим шу газета таҳририятига бориб, спорт журналистикасига қизиқишим ҳақида айтганман. Мени жуда илиққабул қилишган. Ҳатто 2-3та мақолам ҳам газетада берилган. 1988 йили соҳадаги билимларимни мукаммаллаштириш мақсадида Москва университетининг журналистика факультетига ҳужжат топширдим. Айнан ўша йили бутун иттифоқ бўйича «қайта қуриш» даври сабаб мактабларда тарих фанидан давлат имтиҳонлари қабул қилинмаган. Лекин университетда эски тарих бўйича барибир, имтиҳон топширганмиз. Шу нарса панд бериб, якунда ўқишга киролмаганман. Шундан сўнг Тошкентга қайтиб, 3 ой давомида «Физкультурник Узбекистана» таҳририятида ишладим. Кейин ҳарбий хизматга чақирилдим. 1990 йили хизматни ўтаб қайтгач, газетада фаолиятимни давом эттирдим. 1991 йили газетамиз номи ўзгартирилди ва «Спорт», деб юритила бошланди. 1992 йилдан эса ҳафталик нашр сифатида чоп этилган. Футбол ҳақидаги илк тўлақонли мақолам собиқ иттифоқ чемпионатининг сўнгги мавсумига тўғри келган. Ўшанда «Помир»-«Пахтакор» учрашувига шарҳ ёзгандим. Бу орада тажрибали журналистларимиз газетадан кетишди ва масъулият мен каби ёшлар зиммасига тушди. 1992 йилдан газетада «Бизнинг футбол» рукни остида ҳар бир тур ўйинлари тўлиқ тафсилотларини бериб бориш йўлга қўйилди. «Спорт» газетаси мухбири сифатида илк маротаба 1991 йили сафарга чиқдим. Собиқ иттифоқ кубогининг «Пахтакор» иштирокидаги сўнгги ўйинини бевосита стадионда кўриш насиб этган. Москвада ЦСКАга қарши кечган учрашувни жуда яхши эслайман. Тошкентдаги ўйинда1:1 ҳисоби қайд этилганди. Москвадаги учрашув 2:2 ҳисобида якунланишига оз қолган бир паллада мезбонлар 3-тўпни киритиб, кейинги босқичга йўл олишган. Ўша мавсум ЦСКА чемпион бўлганди. «Армиячилар»нинг ютуқларига «Пахтакор» ҳам ёрдам бериб юборган. Тошкентда Москванинг бошқа бир гранд жамоаси — «Спартак» 1:0 ҳисобида мағлуб этилганидан кейин ЦСКА собиқ иттифоқнинг сўнгги чемпиони сифатида тарихга кирди. «Спартак»ка қарши ўйин чоғи стадионда бўш ўриндиққолмаган. Ҳатто журналистлар учун ажратилган жойда Сардор Нажафалиев ва бошқа футбол вакилларини кўриш мумкин эди. ЦСКА билан кубок доирасидаги ўйин эса 4 минг томошабинга мўлжалланган манежда бўлиб ўтганди. У пайтлар регламентга жиддий эътибор берилмагани учун ўйинни «Пахтакор» захира ўриндиғидан кузатганман. Жамоа раҳбарлари эътироз билдиришмаса, ҳеч ким тўсқинлик қилмасди. 1991 йили «Пахтакор» жуда кучли таркиб ҳосил қилганди. Энг муҳими, таркибда ўзбекистонлик футболчилар кўпчиликни ташкил этишарди. Унгача эса асосан собиқ иттифоқ республикаларидан келган футболчилар ўйнашарди. 1991 йили Шуҳрат Мақсудов, Мурод Алиев, Игорь Шквирин, Андрей Пятницкий, Фарҳод Магометов, Илҳом Шарипов каби маҳаллий йигитларимиз бош ролга чиқишган. Менимча, бу таркиб билан бемалол еврокубокларга чиқиш учун кураш олиб бориш мумкин эди.

ПУЛ УЧУН ЭМАС
— 1994 йили «Молодёжь Узбекистана» газетасида ишлай бошладим. Тўғри, бу спорт нашри эмасди. Лекин ижодий гуруҳ ёшлардан таркиб топгани ва энг муҳими, аҳил бўлгани учун шу газетага ишга ўтганман. Эътиборга молик жиҳати, биз пул учун ишламаганмиз. 1994 йилгача газета ҳафтасига 3 марта чоп этиларди. Мен ишга келган йили ҳафталик нашрга айлантирилган. Табиийки, газета рукнлари, умуман, форматига катта ўзгартиришлар киритилган. Масалан, ўша йиллари ТВ-дастурларига бир нечта бет ажратиларди. «Молодёжь Узбекистана» бор-йўғи 8 бет чоп этиларди. Биринчи бўлиб биз компьютерда ТВ-дастурларини бир бетга жойлаштирганмиз. Ўзи компьютерда чиқарилган биринчи газета — бу «Спорт». Кейин «Молодёжь Узбекистана»да бу усулни қўлладик. Спортга ажратилган 1 саҳифани асосан футбол хабарлари билан тўлдирардик. Кейин Ўзбекистонда биринчи бўлиб Европанинг кучли бешлик чемпионатларини ёрита бошлаганмиз. Шунингдек, пайшанба кунги натижаларни газетамизнинг жума сонида ўқиш мумкин эди. Газетадаги фаолиятим билан параллел равишда телевидениеда ҳам шартнома асосида иш бошладим. Ҳамкасбим Иванов билан «Спорт континент» («Спорт қитъаси») ва «Соккер клуб» номли кўрсатувлар тайёрлаганмиз. Мамлакатимизнинг турли шаҳарларидан репортажлар тайёрлардик. Энг қизиғи, камераларни телеканалдан олмасдик. Ўзимиз ҳомий топиб, камераларни ижарага олганмиз.

Танқидни турлича қабул қилишарди. Мисол учун, таҳлилий мақолам ортидан 1993 йили футбол федерацияга борганман. Федерация вице-президентига кимдир бу ҳақда хабар берган. Мақолани ҳатто ўқимасдан туриб, мени сўроққилиш учун федерацияга чақиришган. Вице-президент гап етказган одамга қўнғироқ қилиб, мақолани ўқиттирган. Ўринли танқидларим учун эса «Спорт» газетасидан кетишга мажбур бўлганман.

КЛУБДА ИШЛАМАСЛИК САБАБИ...
— 1994 йили «Пахтакор»да ишлаш учун таклиф қилишди. Ўша пайт бунга рози бўлмаганман. Ваҳоланки, 24 ёшда эдим ва ишсиз юргандим. Менга бирор газетада ишлаш қизиқарлироқ туюлган. «Молодёжь Узбекистана»га ҳам қизиқишим сабаб ишга кирганман. Лекин яна такрор айтаман, пул учун ишламаганмиз. Битта сон гонорари 3 сўму 20 тийин эди. Таққослаш учун айтсам, метрога бир марта тушиш 15 тийин турарди. Бир бет мақолага эса 40 тийин тўланарди. Бир кунлик иш ҳақимиз метро харажати учун етарди, холос. Газета ҳафтада бир, ойда 4 марта чиқарди. Ўзи арзимаган гонорар суммаси қўлимизга тегмасди, ҳисоб. Телевидениедан оладиган гонорарим кундалик ҳаёт учун етарди. «Молодёжь Узбекистана»да 1998 йилгача ишладим ва ўша йили «Наш футбол» газетасини очдик. Иванов эса «Соккер клуб» номли газета чиқара бошлаган. Узр, клубларда нега ишламаслигим ҳақида гап бошлаб, мавзудан бироз узоқлашдим. Ҳозиргача клублардан тушадиган барча таклифларни рад этиб келяпман. Бу йил ҳам чорловлар бўлди. Нега? Чунки клубда ишлаш учун ҳали тайёр эмасман.

ЎФФнинг БИРИНЧИ МАТБУОТ КОТИБИ
— 1997 йили ЎФФга чорлашди. Федерацияга келишимга раҳматли Зокир ака Қурбонов сабабчи бўлди. Юқорида айтдим, ўша пайт «Молодёжь Узбекистана»да ишлардим. Гали Имомов ёрдамчиси — Виктор Тихоновни жўнатиб, Ивановдан федерацияга тўлиқ ўтишим учун рухсат беришини сўраган. Лекин газетадан бутунлай кетолмаслигим сабаб ярим «ставка» ишлашга кўндим. Эътиборлиси, ЎФФнинг биринчи матбуот котиби айнан мен бўлганман. Лекин ундан аввал ҳам федерация ишларида ёрдам бериб юрганман. 1992-1993 йиллари «Пахтакор»да матбуот котиби йўқ эди. Қисқаси, жамоанинг матбуот анжуманларини ўзим ўтказганман. 1993 йили Ўзбекистон кубоги финал учрашуви матбуот анжуманини ҳам ташкил қилганман. Федерацияда расман ишламаган бўлсамда, терма жамоанинг матбуот анжуманларини ўтказгандим. 1997 йилдан эса расман футбол федерацияси матбуот котиби сифатида ишлай бошладим. Айнан ўша йили миллий жамоамиз илк маротаба ЖЧ саралаш ўйинларида иштирок этган. Жамоамиз ўйинларига ўзига хос дастурчалар чиқарганман. Терма жамоа учун бу янгилик эди. Афсуски, ҳозир хам бу нарсага эътибор берилмайди. ЖЧ-98 саралаш босқичидаги илк тарихий ўйин Санода Яманга қарши кечган. Бу учрашувга жамоамиз делегациясида бирор журналист бормаган. Индонезия ва бошқа давлатларга борувчилар эса кўпайиб кетган. Менга навбат келмаган (кулади). Шунда Зокир ака Қурбоновдан Қозоғистон билан бўлиб ўтадиган ўйинга жўнатишини сўраганман. Ҳарқалай, ёнимиздаги давлат бўлгани учун кўпчилик у ерга боришга қизиқмаган. Шу тариқа терма жамоа билан илк маротаба Олма-Ота сафарига чиққанман. Чартер рейс ташкил қилинганди. Сабаби — ўша пайт Қозоғистонда Марказий Осиё ўйинлари ҳам ўтказилаётганди. Ўзбекистон спорт делегацияси кейин биз билан бирга Тошкентга қайтган. Ўзи илк марта 96-йили хорижга чиққандим. Баскетбол жамоаси билан АҚШга борганман. Бунда инглиз тилини билишим қўл келган. Лекин бу тилни алоҳида ўрганмаганман, асосан мактабда олган билимларим. Қолгани амалиёт орқали ошиб борган. Федерация матбуот котиби сифатида 2000 йилгача ишладим. Ўша йили Ливандаги Осиё кубогидан сўнг Зокир Қурбонов ишдан кетди. Унинг ўрнига Бахтиёр Раҳимов раҳбар бўлиб келди. Ростини айтсам, 2000 йили мен деярли федерацияга бормаганман. Чунки 1999 йили федерацияда ишлаб туриб, миллий жамоани танқид қилгандим. Ўз мақоламда тайёргарлик ва ёндашувни ўзгартирмасак, Ливанда шарманда бўлишимиз аниқлигини айтгандим. Табиийки, бу танқид айримларга ёқмаган ва мен учун федерация эшиклари беркитилган. Бахтиёр Раҳимов ишга келганида, биринчи сафари Москвага бўлган. Ўшанда 4 киши Россия футбол иттифоқининг ўша пайтдаги раҳбари Колосков билан музокара ўтказгани борганмиз. РФИнинг иш услуби билан танишганмиз. Сафардан қайтгач, Бахтиёр ака менга янги иш таклиф қилган ва шу тариқа ЎФФнинг Мусобақалар ўтказиш бўлимида ишлай бошладим. Регламентни яхшигина ўзлаштириб олганим қўл келганди. Мусобақаларни ўтказиш бўлими — бу ҳозирги ПФЛ. Бор-йўғи 2-3 нафар ходим билан ишлаганмиз. Ҳар йили мавсум бошланиши арафасида мураббийлар кенгашини чақириб, тақвим масаласида фикр алмашардик. Ҳар бир мураббийнинг фикрини эшитиб, кейин шу асосда йиллик тақвим тузиларди. Бўлимимизни ҳеч қачон клублардан устун қўймаганмиз.

Футболга ёндашув ҳамма жойда бир хил эмас. Масалан, Қатарда клубларни лицензиялаш билан федерация шуғулланади. Олимпия қўмитаси легионерлар учун пул беради. Ҳатто бизнес-режаларни ҳам федерациядагилар тузиб беришади. Уларнинг асосий мақсадлари ривожланиш эмас, ОЧЛда кўпроқ ўринга эга бўлиш. Клубларга эса фарқи йўқ. Энг муҳими, федерациянинг ўзи ҳамма ишни бажаряпти. БААда эса бироз бошқачароқ ёндашишади. Федерация барчасини клублардан талаб қилади. Шу йил февраль ойида «Ал-Ваҳда» клубида шартнома асосида 3 ҳафта маслаҳатчи сифатида ишладим. Бизнес-режалар тузишда ёрдам бердим. Бу 4 йилга мўлжалланган бизнес-режалар шунчаки, хўжа кўрсинга тузилмайди. Бир йилдан сўнг Профессионал футбол лигаси мутасаддилари лойиҳанинг ишлаётган-ишламаётганини текширишади. Бир йилга мўлжалланган ишлар амалга оширилмаган бўлса, сабаби сўралади. Йилма-йил текшириб, назорат қилиб борилади.

5та ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ
— ЎФФ Мусобақаларни ўтказиш бўлимида ишлаганим мен учун катта тажриба бўлди. Шу боис ОФКда ҳам ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмадим. Шу кунгача 5та жаҳон чемпионатини бевосита кузатдим. Шулардан 3таси — Германия-2006, ЖАР-2010 ҳамда БАА-2003га журналист сифатида бордим. 2009 йили Мисрда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида жамоа менежери бўлганман. Бу йил БААда ўтган ўсмирлар мундиалида ташкилий қўмита таркибида ишладим. Умуман, чинакамига бахтли инсонман. ЖЧларда турли йўналишларда ишлаганим ҳозирги фаолиятимда катта ёрдам беряпти. Тўғри, БААдаги мундиалда матбуот ходимлари учун озгина шароитлар яратиб беролмадик. Маблағ томонидан муаммо туғилгани учун шаҳарлараро транспорт қатновини йўлга қўёлмадик. Лекин шахсан ўзим ҳаракат қилиб, журналистларни меҳмонхонадан стадионгача транспорт билан таъминладик. Фақат Дубайда эмас, ЖЧ ўйинлари ўтказилган қолган 5та шаҳарда. Ваҳоланки, транспорт билан боғлиқ харажатлар бюджетга киритилмаганди. БАА футболи мутасаддилари билан гаплашиб, уларни лоақал ички қатновни йўлга қўйиш учун кўндирдим...

— Ҳар бир профессионал футбол лигаси ўз клубларини ҳурмат қилиши керак, — дея суҳбатимизни давом эттирди А.Никимбаев. — Ҳозирда мен БАА Про-лигасида ишлаяпман. У ерда лиганинг клубларга муносабати умуман бошқача. Лига мутасаддилари клуб раҳбарлари, бош мураббийларини чақириб, улар билан ҳамжиҳатликда ишлашади, қандай муаммоларингиз бор, тақвим маъқул келяптими, биздан нима ёрдам керак бўлади, деб сўрашади. Шундай ҳам бўлиши керак. Чунки ҳамма бир мақсад сари интиляпти. У ОФК, Қатар, БАА ёки Ўзбекистонда бўладими, бунинг фарқи йўқ. Масалан, Қатарда бу жараён бироз ўзгача йўлга қў­йилган. Клубларни лицензиялаш масалалари билан бевосита мамлакат футбол федерацияси шуғулланади. Жамоаларнинг бизнес режаларини ҳам ўзлари тузиб беришади. Қатар ФФнинг асосий мақсади — ОЧЛда имкон қадар кўпроқ ўринга эга бўлиш. Шу нарсани инобатга олиб ҳам Қатар ФФнинг ўзи клубларга ҳар томонлама кўмак беряпти. БААда эса бизнес режаларни клубларнинг ўзлари тузиб чиқишади. Мисол учун, шу йилнинг февраль ойида «Ал-Ваҳда» клубида уч ҳафта шартнома асосида ишладим. Мени бизнес режани тузишда ёрдам бериш учун таклиф қилишганди. Тўрт йиллик бизнес режани ҳар йили Про-лига текшириб боради. Хўжакўрсинга, ОФК тафтиш гуруҳи текширгани келганда, шу ҳужжатлар бўлиши учунгина қилинмайди.

— БАА Про-лигаси билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?
— Очиқ шартнома имзолаганмиз. Ўзим истаган пайтда ишдан кетишим мумкин. БАА Про-лигаси билан шундай келишувимиз бор. 

— 2004 йили сиз ЎФФ қошида ташкил этилган Терма жамоалар билан ишлаш бўлимида федерациядаги ўз фаолиятингизни бошладингиз. Айтингчи, ўша пайтда терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш бўйича қийинчиликлар бўлганми? Умуман, бу жараённинг ўзи қандай олиб борилади?
— 2000 йили Бахтиёр Раҳимов ЎФФга келгунига қадар федерацияда умуман пул йўқ эди. Ким чақирса, ўша мамлакатга борардик. Йиғинларни ҳам ташкил этиш қийинчилик туғдирарди. Ёшлар терма жамоасининг ўша пайтдаги бош мураббийи Рауф Инилеев Осиё чемпионати саралаш ўйинлари олдидан йиғин ташкил этишни сўраб, мурожаат қилганда, «Марҳамат, ҳомий топсанг, йиғин ташкил қилиб берамиз», деган жавоб берилган. 1999 йили раҳматли Маҳмуд Раҳимов терма жамоа бош мураббийи бўлган пайтда, асосан Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳомийлик вазифасини ўз зиммасига олган. 2000 йилги Ливандаги Осиё кубоги олдидан миллий терма жамоамиз ўқув-машғулот йиғинини Фарғонада ўтказган эди. Сабаби, ўша пайтда терма жамоага Юрий Саркисян мураббийлик қиларди ва табиийки, ҳомийни ҳам Фарғонадан топган. Ҳозир ўйлаб қарасам, ЎФФ тарихида учта давр бўлган экан. Биринчиси, 2000 йилгача бўлган давр. Яъни шу пайтгача ЎФФда умуман маблағ бўлмаган. Шу йили федерацияга Бахтиёр Раҳимов раҳбар бўлиб келди. Илк йиғин Исроилда ташкил этилди. У ерда ўртоқлик учрашуви ҳам ўтказилди. Кейин ёшлар терма жамоамиз Болгариядаги «Албена Кубоги»да қатнашиб келди. Айнан шу Болгариядаги турнирда иштирок этган ёшларимиз футболимиз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиқишган. 2002 йили ҳам 16, ҳам 19 ёшли футболчилардан таркиб топган терма жамоаларимиз Осиё чемпионатида ярим финалга қадар етиб бориб, 4-ўринни эгаллаган. Фақат ўсмирларда кучли учликдан жой эгаллаган терма жамоалар ЖЧга чиқишгани учун бизникиларга йўлланма тегмай қолган. Айтмоқчи бўлганим, айнан 2001 йилдан футболимизда ижобий томонга ўзгаришлар даври бошланди. Мираброр Усмонов ЎФФ бошқарувига келган вақт учинчи давр бўлди. Бу даврдаги ўзгаришларни бирма-бир санаб чиқишга ҳожат бўлмаса керак. Халқаро майдондаги муваффақиятларимиз салмоғи сезиларли даражада ошиб кетди. 2007, 2008, 2009 йилларда камида иккитадан ўртоқлик учрашуви Ўзбекистонда ўтказилган. Мен сафарда ўтказилган ўртоқлик ўйинлари ҳақида ҳали гапираётганим йўқ. Тўғри, биз Бразилия ёки Аргентинани Ўзбекистонга олиб келганимиз йўқ. Аммо биз ишлаган пайтда терма жамоа ҳеч бир йилда расмий ўртоқлик учрашувисиз қолмаган. 2007 йили Қаршида Озарбайжон билан ўйнаганмиз. Чунки Тошкентда ўша пайтда Ўзбекис­тон ва Тожикистон олимпия терма жамоалари учрашуви ўтказилган. Ўша йили Эстония Тошкентга келганди. 2008 йили Иордания ва КХДР терма жамоа­лари пойтахтда меҳмон бўлган. Балки, айримлар корейсларни рақиб сифатида менсимас. Лекин ўша йили КХДР Жанубий Корея билан ЖЧ саралашининг иккала гуруҳ босқичида ҳам тўқнаш келганди. Учинчи саралаш босқичидаги ҳар икки ўйинда ҳисоб очилмаган. Айтмоқчи бўлганим, КХДР кучли жамоа бўлган. 2009 йили Босния ва Эрон билан уйда ўйнаганмиз. Мана шу олтита ўйиндан фақат биттасига — Босния терма жамоасининг Тошкентга келишига пул тўлаганмиз, қолганлари текинга келган. 2007 йилги Осиё чемпионатидан олдин Кореяда йиғин ташкил этгандик. Ўша йиғин ва ўртоқлик учрашуви учун корейслар бизга пул тўлашган. Уларнинг ҳисобидан ҳам йиғин, ҳам ўртоқлик ўйини ўтказганмиз. Ироқ билан базадаги майдонда ўйнагандик. Корея билан учрашув асосий стадионда бўлиб ўтган. Терма жамоалар марказининг бугунги фаолияти ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Ҳозирги мутасаддиларнинг ўзлари бунга жавоб беришсин. Шуниси аниқки, Мираброр Зуфарович даврида футболимиз бир неча поғонага ўсди.

— Терма жамоанинг уч йиллик режасини аввалдан тузиб қўйиш мумкинми?
— Бугунги кунда бунинг иложи бор. Масалан, Украина ва Латвия терма жамоаларининг биздан қарзи бор. Биз Киев ва Ригага бориб ўртоқлик ўйини ўтказганмиз. Ўзаро келишувга кўра, бу икки терма жамоа Тошкент келишлари шарт бўлган. Аммо ўша пайтда улар тақдим этган муддатлар бизнинг режаларга тўғри келмаган. Энди саволингизга қайтсам, 2014 йилнинг 5 март санаси ФИФА куни ҳисобланади. Шу куни Осиё кубоги-2015 саралаш гуруҳ босқичининг сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтади. Шуни инобатга олсак, 1 март кунига ўртоқлик учрашуви ташкил қилиш жуда қийин масала. қолаверса, 25-26 февраль кунлари Осиё чемпионлар лигаси ўйинлари бор. Терма жамоага номзод футболчилар ОЧЛ ўйинларидан сўнг энг яхши вариантда фақат 27 февраль куни йиғилиши мумкин. Қандай қилиб 1 март куни ўйнаш мумкин? Мен танишларим билан гаплашиб, 1 март куни Тошкентга келинглар, деганимда барчасидан рад жавобини олдим. Чунки, буни улар хоҳлаган тақдирда ҳам тақвим бунга йўл қўймайди. Ҳалигача Европа билан Осиёнинг йиллик тақвими бир-бирига тўғри келмаяпти.

— Осиёнинг тақвими нечанчи йилгача тасдиқланган
— 2018 йилгача тақвим бор. Лекин кейинги Осиё кубогининг саралаш босқичи қандай тизимда ўтказилишини ОФКнинг ўзи ҳам билмаяпти. Осиё кубоги ҳамда ЖЧ саралаш мусобақасини битта қилиб ўтказиш варианти кўриб чиқилиши кутиляпти. Сарф-ҳаражатларни қисқартириш мақсадида шундай янгиликнинг жорий қилиниши ҳам мумкин. Бундай форматдаги мусобақа Африка қитъасида ҳам бўлганди. 2015 йилдан кейинги мусобақалар қандай бўлади, бу саволга ҳозир ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди. ОФКнинг янги раҳбари мусобақаларнинг ўтказилиш тизимига ўзгартириш киритмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

— Лекин Япония, Жанубий Корея терма жамоаларида ўртоқлик учрашуви ташкил қилиш масаласида муаммо бўлмаяптику! Ваҳоланки, улар ҳам биз каби ОФК тасарруфидаги терма жамоалар.
— Биринчи галда бу терма жамоаларнинг имиджи юқори. Қолган қитъа терма жамоалари ҳам сиз айтган жамоалар билан хисоблашишади. ОФК қарорига кўра Осиё чемпионатида кучли учликдан жой олган терма жамоалар кейинги қитъа кубогининг саралаш ўйинларидан озод қилинади. Бундай олиб қарасангиз, жаҳон чемпионининг ўзи ҳам келаси мундиал саралаш баҳсларида иштирок этяпти. Бизда эса бунинг акси. Табиийки, Япония, Жанубий Корея, Австралия терма жамоалари биз саралаш ўйинларида майдонга тушган куни ФИФА кунидан унумли фойдаланиб, ўртоқлик учрашувлари ўтказишяпти. Мен санаб ўтган терма жамоалар ОФКга саралашда ўйнамаймиз, деб талаб ҳам қўйишган. Чунки, ФИФА кунидаги битта ўртоқлик ўйини учун рақиблардан 1,5-2 млн. доллар миқдорида пул олишяпти. Уларга Осиё кубогининг ортиқча саралаш ўйинлари мутлақо керак эмас. Бразилия, Испания каби кучли терма жамоа­ларнинг Сеул ёки Токиога келиши учун улар маблағ сарфлаётгандир. Аммо чипталар сотуви, реклама ҳамда ҳомийлардан ўша харажатларини икки баробар кўп қилиб чиқариб олишяпти. Энг катта фойдани телевидениедан топишяпти. Бизнинг телевидение пул тўлашга тайёрми? Бир сўз билан айтганда, қитъамизнинг етакчи терма жамоалари билан ОФК ҳисоблашишга мажбур бўляпти.     

— ОЧЛда мамлакатларга ўрин ажратилишида телевидениемизнинг кучсизлиги неча фоизга рол ўйнайди?
— Умуман ўйнамайди. ОФК ОЧЛдаги мукофот пулларининг қандайдир фоизини федерацияларга жўнатади, агар ўша мамлакат телевилениеси ОЧЛ ўйинлари трансляцияси учун пул тўлаган бўлса. Бир йили Япония 2 млн. доллар атрофида тўлаганди. Шундан 60 фоизини ОФК Япония футбол федерациясига қайтарган.

— Мукофот жамғармасини ошириш орқали ОЧЛ нуфузини кўтариш мумкинми?
— Мусобақага бўлган қизиқиш мукофот жамғармасига боғлиқ эмас. ОЧЛга Хитой ва Эрон футбол федерациялари қизиқиш билан қарамоқда. БААда бу мусобақага у даражада қизиқиш юқори эмас. Қатарда эса йўқ. «Ал-Садд» ОЧЛни ютганидан сўнг мамлакатда буни катта қаҳрамонлик сифатида кутиб олишмади. Япония ва Корея клубларининг муносабатини пул билан ўзгартириш мумкиндир, лекин араб жамоаларига пулнинг қизиғи йўқ. Масалан, мукофот жамғармасини қисқартирамиз, деса ҳам Ўзбекистон клублари ОЧЛда иштирок этаверади. Кўпчилик клубларимиз ОФК Кубогида ўйнашга тайёр. Пул унчалик муҳим эмас, муҳими тажриба.

— Ўртоқлик ўйинларининг ташкил этилишида рейтинг қанчалик аҳамиятга эга?
— Катта аҳамиятга эга, дея олмайман. Фикримни мисол орқали тушунтиришга ҳаракат қиламан. Европанинг аксарият етакчи терма жамоалари қитъа­нинг аутсайдер жамоалари билан ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказишади. Кўпчилик кучсиз томон катта пул бериб терма жамоа билан ўйнаяпти, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Ўша кучли терма жамоаларнинг мураббийлари футболчиларнинг руҳиятини кўтариш учун бир йилда камида бир марта мана шундай ўйинларни ташкил этиб беришни федерациядан талаб қилади. Голларга бой ўйиндан сўнг жамоанинг руҳияти кўтарилади. Бир йили Португалия Қозоғистон билан ўртоқлик ўйини ўтказганди. Ўша Криштиану Роналду учун Португалия терма жамоасидаги биринчи ўйин бўлганди. 2008 йили биз ҳам Португалия билан ўйнашимиз мумкин эди. Фақат бунинг учун терма жамоамиз Португалияга бориши керак бўлган. Уларга Тошкентга келсанглар, ўйнаймиз деб бунга рад жавоби берилганди. Португалия эса дарҳол бизнинг ўрнимизга Фарер ороллари терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказганди. Ўша пайтдаги терма жамоамиз бош мураббийини ҳам тушуниш мумкин эди. Чунки, бизни ЖЧ-2008 саралаш 4-босқичида Австралия ва Қатар билан ўйинлар кутиб турганди. Кейин Португалия ўрнига Уммонга борилганди. Демак, ҳамма нарсани пул билан ўлчаш ҳам тўғри эмас. Лекин кучли терма жамоалар ҳар қандай ҳолатда ҳам текинга келмайди. Баъзида мухлисларимиз кучли терма жамоалар билан ўйинлар йўқ, деб нолишади. Янги футболчиларни синаб кўриш учун кучсизроқ жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказиш муҳимроқ ҳисобланади.

— Ўртоқлик ўйинларини ташкил этишда матч-агентларнинг роли қандай бўлади? Умуман, бу жараён қандай амалга оширилади?
— Агентлар турлича бўлади. Масалан, айримлари икки томон ўртасидаги воситачиликнинг ипидан игнасигача ўзи амалга оширади. Музокаралардан то ўйин тугагунича ўша учрашувнинг ўтказилишига жавобгар шахс бўлади. Мисол учун, Боснияни ҳам Тошкентга агент орқали олиб келганмиз. Кўзга кўринган терма жамоаларнинг ўртоқлик ўйинлари билан асосан агентлар шуғулланишади. Агент ўйиннинг барча икир-чикирларигача ўзи ҳал қилади. Кейин ўша агент дунёнинг етакчи футбол телеканалларига учрашув трансляциясини сотиши ҳам мумкин. Баъзи агентлар шунчаки, икки томон ўртасида дастлабки келишувни амалга ошириб беради, қолган масалалар билан кейин уларнинг ўзлари шуғулланишади.

— Бугунги кунда тахминан 400-500 минг долларга қайси терма жамоаларни Тошкентга олиб келиш мумкин?
— Терма жамоаларнинг бугунги кундаги аниқ баҳоларини билмайман. Биз 2009 йили Босния терма жамоасини Тошкентга олиб келиш учун пул тўлаганмиз. Тўғри, ўшанда Босния терма жамоасининг ҳамма юлдузлари ҳам келмаган. Чунки, биз Босния билан ФИФА куни ўйнамаганмиз. Лекин бош мураббийи ва асосий таркибнинг бир неча футболчилари Тошкентга ташриф буюрганди. Гаплашилаётганда таркибнинг ўзи бир нечта пунктдан иборат бўлади. Масалан, Аргентинани чақирмоқчи бўлсангиз, Мессини алоҳида гаплашасиз. Кейин бир нарсани айтиш ёдимдан кўтарилибди. Масалан, Қозоғистон билан ўйнаш учун келаётган терма жамоа билан Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказиш мумкин. Айтайлик ойнинг 11-15 кунлари ФИФА куни. Германия ёки Швециянинг 11-куни ўйини йўқ, лекин 15-санадаги ўйинга Қозоғистон ё Озарбайжонга келяпти ёхуд аксинча. Бундай ҳолатларда ўша мамлакат билан ўртоқлик ўйини учун гаплашиш мумкин. Сабаби, Тошкентдан Астанага бир соатлик йўл. Боку ҳам унчалик узоқ эмас. Германия, Англия каби Европанинг марказидаги давлатлардан Тошкентга етти соат училади. Шунча йўл босиб, битта ўйин ўтказиб кетиш ҳам тўғри эмас.

— ОФКдан кетишингизни раҳбарнинг ўзгариши билан боғлаш мумкинми?
— Худди шундай. Муҳаммад Бин Ҳаммам мени ишга таклиф қилганди. Янги раҳбарият эса Ҳаммам ишга олиб келган мутахассисларни зимдан тозалаш ҳаракатларини бошлаганди. Мен, Токуаки Сузуки ва бошқа бир гуруҳ мутахассислар шу туфайли ишдан кетганмиз. Сузуки кучли ва талабчан мутахассис бўлган. Шахсан мен бундан асло афсусланмайман. ОФКда катта тажриба тўпладим ва бу ҳозирги ишимда асқотяпти. 

Камолиддин Алимов суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 12:00, 04.01.2014.
Ўқилди: 12069 марта.
Фикрлар: 36 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.