Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Нодирбек Тўйчиев: "18-секторда ашаддий ишқибозлар ўтириши керак"

Баҳо:
+-1 | -

Сўнгги йилларда жамоаларимизнинг савияси фан-клублар билан ҳам белгиланмоқда. Айни пайтда Олий лиганинг барча иштирокчиларида фан-клублар фаолият кўрсатяпти. Бу борада “Андижон” жамоасининг ишқибозлари ўзига хос ўрин тутади. Мавсумлар оралиғида жамоалар машғулот ва йиғинлар ўтказиш билан банд эканлиги хеч кимга сир эмас. Хўш, бундай пайтда фан-клублар нима билан шуғулланишади? Буни билиш мақсадида “Андижон” фан-клуби раиси Нодирбек Тўйчиев билан суҳбатлашдик.

- Қишда жамоалар янги мавсумга тайёргарлик кўраётганда биз мухлислар ҳам бекор ўтириш ниятимиз йўқ, - деб сўз бошлади Тўйчиев. -  “Андижон” фан-клуби ҳозирдан тайёргарликни бошлаши керак ва бу борада режалар ҳам тузиб қўйганмиз. Чунки энди жамоамиз Биринчи лигада эмас. “Андижон” Олий лигада бўлгани боис биз ҳам шунга яраша ҳозирлик кўришимиз лозим. Янги мавсумда жамоамиз учун шиорлар ва қўшиқлар танлаганмиз. Шуларни фан-клубга аъзо бўладиган ишқибозлар билан ўрганиб боришимиз керак. Қайсидир маънода биз ҳам клублар сингари қишда йиғилиб янги мавсумга муносиб тайёргарлик кўришимиз даркор. Ҳозирдан бу борада ишларни амалга оширяпмиз.

- Ҳар йили фан-клубга мухлислар аъзо қилинадими ёки бунга ўзгартириш киритилмайдими? Умуман фан-клубга аъзо бўлиш шартлари қанақа?
- Албатта, янги мавсум ва олий лига бўлгани учун сафимизга янги аъзоларни қабул қиламиз. Фан-клубда ҳам ҳар йили ўзгаришлар бўлиб туради. Кимдир ишлаш мақсадида хориж сафарларига кетиб қолади. Яна кимдир бошқа ишлар билан банд бўлиб стадионга кела олмаслиги мумкин. Қолаверса, фан-клуб аъзоси бўлиб тинмай ҳайқириб ўтиришдан зериккан ёки ёши катта бўлиб уялиб қолган мухлислар ҳам йўқ эмас. Менинг назаримда ҳақиқий ишқибоз жамоасини юракдан охиригача қўллаб-қувватлайди. Гарчи клуби ютқазаётган бўлса ҳам. Мана чет элларда қандай фанатлар борлигини кўряпмиз. Биз ҳам шунга интилишимиз керак. Футбол мухлислари 7 ёшдан 70 ёшгача бўлади. Бу борада ёш чегараланмайди.

Фан-клубга аъзолар қабул қилишда бу йил ўзгаришлар киритдик. Яъни мухлислар фан-клубга бепул аъзо бўлишлари мумкин. Аммо бу билан сафимиз чегараланган бўлиб, 300 нафар ишқибозни фан-клубга қабул қила оламиз. Бепул деб ҳаммани ҳам сафимизга қабул қилавермаймиз. Биринчи навбатда энг ашаддий, 90 дақиқа жамоамизни тинмай қўллаб-қувватлайдиган мухлисларни оламиз. Бу борада ҳеч қандай таниш-билишчилик кетмайди. Чунки 18-секторда ашаддий ишқибоз ўтириш керак.

Ҳар душанба кунлари соат 15:00да “Соғлом авлод” стадионига йиғилиб тайёргарлик ишларини бошлаймиз. Фан-клубга аъзо бўлишни хоҳлаган мухлислар душанба куни стадионга келишлари мумкин. Тайёргарлик давомида фаол иштирок этганларни фан-клубга қабул қиламиз. Чемпионат бошланиш арафасида жамоалар заявка топширишганидек, биз ҳам фан-клуб аъзоларининг ҳужжат ишларини расмийлаштириб оламиз. Ҳар бир мухлис паспорт нусхаси ва ўзи яшайдиган маҳалладан тегишли хужжатлар топширгач, биз уларга фан-клуб аъзолигини билдирадиган “бейжиклар” берамиз. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишим керак, фан-клубга аъзо бўлдим, энди мен ўйинни шунчаки кўриб чиқиб кетаман деган мухлис адашади. Биз 18-сектордаги барча фанатларни кузатиб борамиз. Ўйин давомида ўзини бир четга оладиган ишқибозларни фан-клубдан чиқариб юборишимиз ҳам мумкин.

Насиб қилса, сафардаги учрашувларга ҳам боришни режалаштириб турибмиз. Бу борада “Андижон” клуби томонидан ҳам ёрдамлар бўлишига умид қиламиз. Шу боис энг зўр мухлисларни сафардаги ўйинларга ҳам олиб боришга ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари клуб томонидан бизга футболка ва шапкаларни ҳам берилиши кутилмоқда. Лекин фан-клуб албатта бир хил либосда бўлиши керак. Бу борада футболкалар сотуви ҳам йўлга қўйилади. Фан-клуб аъзолари футболкаларни ўзининг нархида харид қилиш имкониятига эга бўлади.

- Ўтган мавсумда “Андижон” фан-клубининг фаолияти қандай бўлди?
- Ўтган йили жамоамиз Биринчи лигада иштирок этди. Шунда жамоанинг ҳақиқий мухлислари кимлар эканлиги билинди. Мисол учун, биринчи лигада ўйинларни кўришга келмаган ишқибозлар ҳам бўлди. Аммо стадионга келиб Биринчи лига бўлса ҳам жамоамизни қўллаб-қувват мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Ҳақиқий ишқибоз жамоани яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам бирга бўлиши керак.

- Фан-клубнинг ҳам янги мавсумда “Андижон” жамоасидан умидлари катта бўлса керак?
- Аввало шуни айтишим керакки, 2014 йилда “Андижон” жамоамиз ташкил этилганига 50 йил тўлади. Жамоамизнинг ярим асрлик тўйи муносабати билан мухлисларни табриклайман. Албатта, фан-клубнинг ҳам жамоамиздан умидимиз катта ва янги мавсумда чиройли ўйинлар кутяпмиз. Фан-клуб номидан Азамат Абдураимовга ишонамиз. Унинг режаси бир йиллик эмас. Айни пайтда жамоа шунга яраша тайёргарлик кўришга ҳаракат қиляпти. Клубимизда маҳаллий иқтидорли ўйинчилар кўп. Биз биринчи навбатда ана шулар жамоамизнинг асосий ўйинчилари бўлишларини истаймиз.

Футболчилик фаолияти узоқ бўлмайди ва шу касби орқали улар келажакни яратишга ҳаракат қилишади. Шунинг учун футболчи фақат футболни ўйлаб бошқа ишларга эътибор қаратмаслиги керак деб ўйлайман. Мен маҳаллий футболчиларимизга Бахтиёр Ҳамидуллаевни намуна қилиб кўрсатган бўлардим. Мана шу футболчи “Андижон”да ўйнаб ёмон бўлмади. У жамоада ўзини кўрсатди ва шунга яраша ҳақ олди. Бу билан Ҳамидуллаев келажак ҳаётини ҳам яхшилаб барча имкониятларни яратиб олди. Ҳужумчини бу футболдан юракдан ўйнаганидан ва топган пулини тўғри йўлда ишлатганидан далолатдир. Бошқа футболчиларимиз ҳам шундай бўлишини хоҳлаймиз.

“Андижон” жамоамиз ҳам икки-уч йилдан кейин совринли ўрин учун курашиб Осиё кубокларида иштирок этишини тилаймиз. Чунки “Андижон”нинг қандай мухлислари борлигини халқаро майдонларда ҳам кўрсатиб қўйиш мақсадимиз бор.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 16:39, 08.01.2014.
Ўқилди: 3523 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.